25 октябрда Вашингтон шаҳридаги Қирғизистоннинг АҚШдаги элчилиги олдида Кампиробод иши бўйича қўлга олинганларни қамоқдан озод қилиш талаби билан акция ўтди. Бу ҳақда фаол Тилекмат Куренов ўзининг саҳифасида маълум қилди.
Акция иштирокчиларидан бири Айдар Раевнинг айтишича, акцияга 10дан ортиқ одам қатнашди. Улар «Сиёсий тутқунларга эркинлик», «Эркин Қирғизистон» деб ёзилган плакатлар, Кампиробод иши бўйича қўлга олинганларнинг суратлари билан чиқишди.
«Азаттиқ» нашри ёзишича, фаоллар қирғиз ҳукуматидан мустақил ахборот воситаларига босимни, журналистни таъқиб қилишни тўхтатишни, митингларга чекловларни йўқ қилишни талаб қилишди.
Куренов ўзининг фейсбукдаги саҳифасига Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси Бакит Аманбаевга мурожаат топширишга ҳаракат қилаётган видеосини жойлади. Видеода элчи билан акцияга чиққанлар қирғиз-ўзбек чегараси бўйича масалани ҳал қилиш бўйича талашиб-тортишган.
Бу Вашингтондаги Кампиробод воқеасининг иштирокчиларини қўллаган биринчи норозилик акцияси эмас. 20 сентябрда улар қамоққа олинганларнинг суратини ва плакатларни кўтариб БМТнинг бош Ассамблеяси биноси олдига йиғилишган.
Кампиробод иши
2022 йилнинг октябрида Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан 30га яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Куч органлари уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деб айб қўйишган.
Қўлга олинганларнинг бари Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишган, улар шу очиқ айтган сўзлари ўзларини қамоққа олишга асос бўлган дейишади. Суд айрим сиёсатчиларни уй қамоғига чиқарса, айримларини қамоқда қолдирган.
Фаол, сиёсатчиларни қўлга олинишини бир қанча депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматидан қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишга чақирган.
Президент Садир Жапаров 2022 йили декабрда қўлга олинганларнинг яқинларини ишнинг фигурантларини озод қилиш илтимосига изоҳ берган, ҳеч кимни бўшатишга буйруқ беролмаслигини билдирган.
Давлат раҳбари бу иш бўйича судьяларнинг ишига ҳеч ким аралашмайди деб айтади. У Кампиробод ишининг фигурантларини «давлат тўнтарилиши қилиш режаси учун» ўз вақтида қамоққа олинган деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, айбланувчилар йиғилишларга бориб, давлат тўнтарилишини режаларини ва олдиндаги митинглардаги одамларнинг сонини муҳокама қилишган.