Адахан Мадумаров кардиология шифохонасига ётқизилди

274

Депутат, «Бутун Киргизстан» мухолифатчи партиясининг лидери Адахан Мадумаров академик Мирсаид Миррахимов номидаги Миллий кардиология ва терапия марказига ўтказилди. Бу ҳақда фракцияга таяниб «Азаттиқ» ёзди.

Мадумаровнинг партиядоши депутат Гуля Кожокулованинг айтишича, сиёсатчи қамалган МХДҚ тергов қамоғининг бошчиси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёзма равишда мурожаат қилган. Кожокулова касалхонага борганини қўшимча қилди.

«Албатта, конвой қўриқлаяпти, ҳеч кимни йўлатишмаяпти», – деди у.

Бунгача адвокатлари Мадумаровнинг соғилиғи ёмонлашиб кетганини билдиришган. Сиёсатчининг адвокатларидан бири Юлия Богданова 10 октябрда Мадумаровнинг юраги оғриб қолгани сабаб тез арада операция қилиш кераклигини айтган.

Адахан Мадумаров 2 сентябрда ИИВ томонидан қўлга олинган. Унга «Давлатга хиёнат» моддаси билан айб қўйилган. Мадумаров МХДҚнинг ТИЗОсида қамоқда бўлган.

2009 йили Ўш — Боткен — Исфана йўли таъмирланиб, бу ерга кўприк қуриш учун қирғиз-тожик чегарасидаги Тўрт-кўча ҳудудига яқин жойлашган аниқланмаган ҳудудга 275 метр узунликдаги ерни Тожикистондан 49 йилга ижарага олишга келишишган. Бу протоколга ўша вақтдаги Хавфсизлик кенгашининг котиби Адахан Мадумаров қўл қўйган. Аммо Жогорку Кенеш бу протоколни ратификациялаган эмас.

Мадумаров ўзи бу ҳужжат юридик кучга эга эмаслигини айтган, президент Садир Жапаров протокол кучида қолганини, шу асосида тожик томон Тўрт-Кўча участкасини талашаётганини таъкидлаган.