Бишкекда МДҲ давлатларининг саммити ўтаётган куни йўл ҳаракатини назорат қилган патрул ходимини машина уриб кетди. Ижтимоий тармоқда воқеанинг видеоси тарқалди.
Видеода ҳайдовчи ходимнинг тўхта деган белгисига қарамай, уриб кетганини кўриш мумкин. Ходим ерга йиқилиб, кейин туриб кетган.
Милициянинг патрул хизматидан «Клооп»га воқеа 13-октябрда 20:00 атрофида Жибек Жолу ва Турусбеков кўчаларининг чорраҳасида бўлганини билдиришди.
Ходимни 51 ёшли ҳайдовчи уриб кетган. Машина жарима майдонига киритилгандан кейин тегишли экспертизалар тайинланган. Ҳозир тергов ишлари бормоқда.
Бишкекда ўтган МДҲ давлат раҳбарларининг кенгаши сабаб шаҳарда бир нечта чекловлар киритилган. 12-13-октябрь кунлари шаҳардаги болалар боғчаларидан бошлаб олий ўқув юртларигача масофадан ўқишга ўтган.
Патрул милиция хизматидан саммит вақтида кўчаларда 700 нафардан ортиқ ходим ишлаганини қўшимча қилишди.