Президент Конституциявий суднинг қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича қонунни имзолади

206

3 октябрда президент Садир Жапаров Конституциявий суд бўйича қонунга кирган ўзгартиришларни имзолади. Энди Конституциявий суд қабул қилган қарорларни қайта кўриб чиқиш мумкин. Бу ҳақда Жапаровнинг матбуот хизмати билдирди.

Имзоланган қарорга кўра, Конституциявий суднинг қарори президентнинг ёки Конституциявий суд раисининг таклифи билан, қуйидаги ҳолатларда қайта кўрилиши мумкин:

  • қарор қилишга асос бўлган Конституциянинг қоидалари ўзгарса;
  • қарор чиқариш вақтида Конституциявий судга номаълум бўлган, мурожаат предмети учун янги жиддий ҳолатлар очилса;
  • қарор «Қирғиз Республикаси халқининг маънавий ва одоб-аҳлоқий қадриятларига, ижтимоий онгига» қарама-қарши келса.

«Конституциявий суд аввал қабул қилинган актни қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилади, унда у акт ўзгартирилади ёки бекор қилинади», — деб билдиришди матбуот хизматидан.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирди.

Президентнинг қонун лойиҳаси

Президент маъмурияти 17 июлда «Конституциявий суд тўғрисидаги» конституциявий қонунга ўзгартиришларни киритиш бўйича қонун лойиҳасини эълон қилган. Шу билан Конституциявий судга ўзининг қарорларини қайта кўриб чиқишга ва бекор қилишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳасида қарор қандай ҳолда қайта кўрилиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатлар ёзилган. Масалан, у агар қарор қабул қилишга асос бўлган Конституция қоидалари ўзгарса, қарор чиқариш вақтида Конституциявий судга номаълум бўлган, мурожаат предмети учун янги жиддий ҳолатлар очилса ва қарор «Қирғизистон халқининг маданий ва одоб-аҳлоқий қадриятларига, ижтимоий онгига қарама-қарши келса» қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Бироқ «Медиа Полиси Институти»нинг юристлари қонун лойиҳасига изоҳ бериб, президент маъмурияти Конституциявий суднинг ишига «тўғри ва очиқдан-очиқ» аралишишга ҳаракат қилаётганини билдиришган. Улар ташаббусчиларни қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақиришган.

Амалдаги қонунга кўра, Конституциявий суднинг қарори сўнгги бўлиб ҳисобланади ва шикоят қилиш мумкин эмас.

Конституциявий суднинг сўнгги қарорларидан бири матчество билан боғлиқ. Унга кўра, қирғизистонликлар 18 ёшга тўлганда матчество ола олишади. Сабаби бу қарор жамоатчиликда қизғин муҳокама қилиниб, айниқса, МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев бунга қарши чиқиб, «қарорни ким қабул қилса, ўша бекор қилсин» деб билдирган.

Юстиция вазирининг ўринбосари Орозбек Сидиков эса бугун, 6 сентябрда парламент муҳокамасида қонун лойиҳаси «асосан» Конституциявий суднинг матчество бўйича қарори туфайли ташаббус қилинганини билдирди.