Ўш мэрияси яна иккита ер устидан пиёдалар ўтиш йўлагини қуришни режалаштирмоқда

242

Ўш мэрияси 3 октябрда шаҳарга қурилиши режалаштирилаётган яна иккита ўтиш жойининг эскизини эълон қилди. Мазкур лойиҳалар жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ўтиш жойларидан бири Масалиев ва Монуев кўчаларининг чорраҳаларида қурилиб, ер устидан айланиб ўтади.

Сурат: Ўш шаҳар мэрияси
Сурат: Ўш шаҳар мэрияси

Яна бири Монуев, Шакиров ва Алимжанов кўчаларининг кесилишида ер остидан ва устидан машиналар, пиёда йўловчилар ўтиши икки даражали бўлиши режалаштирилмоқда.

Сурат: Ўш шаҳар мэрияси
Сурат: Ўш шаҳар мэрияси

«Аҳоли таклифларини айтса, уларни инобатга олиш билан бир тўхтамга келамиз. Худо хоҳласа, лойиҳаларни шу йили бошлаймиз, ўтиш жойларининг қурилиши эса кейинги йилдан бошланади, деган ниятдамиз. Қанча ҳаражат кетишини ҳозирча айтиш қийин, лойиҳадан кейин смета тузилади», — деди «Клооп»га мэриянинг Капитал қурилиш бошқармасининг бошчиси Шумкарбек Пайзиев.

Ўш мэрияси бу йили май ойида Масалиев ва Навоий кўчаларининг чорраҳасига маҳаллий бюджетдан 45,3 млн сомга пиёдалар учун айланма ўтиш жойининг қурилишини бошлаб, 31 августда фойдаланишга топширган.

Кўп ўтмай, ижтимоий тармоқда пиёдалар учун қурилган айланма ўтиш жойида «ёриқ пайдо бўлиб, авария ҳолатига келганлиги» айтилган видео тарқаган. Бироқ мэриядан у ёриқ эканини инкор қилишган.

Қурилиш тугамасдан аввал, 5 августда, ўтиш жойининг бир қисмига қўйилган бетон оқиб тушган. Унда мэриядан «кўприкнинг асосий конструкциясига ҳеч қандай зарар келмаган» деб ишонтиришган.