Жилдизбек Керимбаев номли Фейсбук фойдаланувчиси Талас вилоятидаги Киров сув омборида олинган видеосини чиқарди. У сув омборининг ёнидан ўтиб кетаётиб, сувни «умуман йўқлигига» эътибор бермай ўтиб кетолмаслигини айтган.
«Бир ҳафта олдин қозоқлар бизни сув беришни тўхтатиб қўйди, деб норози бўлмоқда деган янгилик чиққан эди. Кўрса, беришга ҳеч нима қолмабди. Мен 45га чиқиб қолдим, унинг 20 йилини шу сув омборининг четида жойлашган Қизил-адир қишлоғида яшадим, сув бизнинг қишлоқ четида жойлашган уйларни, ҳовлиларни қоплаб турарди. Шаҳарда яшаган 25 йилда доим қариндошлар, қўшнилар билан боғланиб турганман, сув омбори шу ҳолга тушади деб ўйламаган ҳам, эшитмаган ҳам эдим», — деб ёзди Facebook фойдаланувчиси.
Бунгача Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «Азатиқ»қа Қирғизистон августнинг иккинчи декадасидан бошлаб Қозоғистонга Киров сув омборидан сув беришни тўхтатишини билдирган. Муассаса ходимлари айтишича, қозоқ томон Жамбил вилоятида суғориш суви танқис бўлаётгани сабаб Киров сув омборидан сувни кўпроқ миқдорда беришни сўраган.
Аммо қирғиз томон ўзида ҳам экин майдонлари қуриб бораётганини айтиб, сувнинг оқимини кўпайтиролмаслигини билдирган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳозирда Таласда ҳам суғориш сув масаласи жиддий эканини, Киров сув омборига сониясига 1,3 куб метр сув оқиб кираётганини таъкидлаган. Ўтган йили бу кўрсаткич 13,7 куб метрга етган.
Муассасадан Киров сув омборига сувнинг оқиб кириши кўпайса, Қозоғистонга сув тўплаш масаласи кўриб чиқилишини қўшимча қилишган.
Киров сув омбори Талас вилоятининг Талас дарёсида жойлашган. Сув омборининг асосий функцияси қиш ва ёзда Талас дарёсидан тўпланган сув билан Талас ҳудудини ва Қозоғистоннинг ҳайдов ерларини суғориш бўлиб ҳисобланади.