Ленин округидаги парламент сайловининг ташвиқот ишлари бошланди

142

21 августда Бишкекнинг Ленин округидаги қайта сайловнинг ташвиқот ишлари бошланди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси Абдижапар Бекматов билдирди.

Маълумотга кўра, МСК бўладиган қайта сайловга 25 номзодни рўйхатга олди. Уларнинг орасида «Кампиробод иши» бўйича айбланиб, ҳозирда уй қамоғидаги Чингиз Капаров ва Бишкекдаги тоза сув талаб қилиш акцияси бўйича икки ойга қамалган блогер Эртай Искаков ҳам бор.

2 августда МСК собиқ депутат Жанибек Абировни бу округдан номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортган. Қайта сайлов ўтказишга мана шу собиқ депутат Абировнинг Бишкек кафеларининг бирида бўлган муштлашувга аралашиб, кейин ўз истаги билан мандатини топширгани сабаб бўлган.

Абиров мандатини топширгандан кейин қайта сайлов бўлиб, аммо унинг ҳам натижаси бекор қилинган. Бекор қилишга энг кўп овоз олган Дамира Ниязалиева ва Улан Сариевнинг овоз сотиб олишда гумонлангани сабаб бўлган. Биринчи сайловга 18 млн 636 минг 500 сом сарфланган.

Ленин туманидаги муддатидан олдинги қайта сайлов 10 сентябрда бўлади. Бу сафар сайловга 13 млн 208 мингдан ортиқ маблағ сарфланиши маълум қилинган.