Уч кишини ўлдиришда айбланган МХДҚнинг собиқ ходими айбини тан олмаслигини айтди

151

11 июлда Бишкекнинг Октябрь туман судида уч кишини — бир аёл ва унинг қизи билан ўғлини — ўлдиришда айбланган МХДҚнинг собиқ ходими Чинтемир Аширалиевнинг иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлди. У айбини тан олмаслигини айтди.

Суд бошланишидан олдин айбланувчининг адвокати мажлисни ёпиқ ўтказиш ҳақида илтимос қилган, бироқ судья илтимосни қаноатлантирмаган.

Судда прокурор Аширалиев ўзгача оғир жиноятда гумон қилинаётганини, жиноят қилган вақтда эс-ҳуши жойида, ҳаракатига жавоб бера оладиган ҳолатда бўлганини, гиёҳванд модда, спиртли ичимликларга тобе эмаслигини билдирган.

Айбловчи томоннинг айтишича, Аширалиев барча оила аъзоларини, жумладан кичик ўғлини ўлдиришни режалаштирган. У ўлдирган аёл иккисининг ўртасидаги муносабатни ошкор бўлиши «сиёсий карьерасига тўсқинлик» қилади деб хавотирда бўлгани айтилади.

Туман судидан «Клооп»га суд мажлиси 26 июлга сурилганини айтишди. Бунга «гувоҳларнинг келмагани» сабаб бўлган.

Аширалиевни суд залидан олиб чиқиб кетишганда жабрланувчининг онаси «зўравон» деб бақирган видео тарқади.

Уч одамнинг ўлдирилиши

Шу йилнинг февраль ойида милицияга Бишкекдаги 5-кичик тумандаги кўп қаватли уйларнинг бирида уч одам — аёл ва унинг бир қизи ва бир ўғли вафот этгани ҳақида маълумот тушган. Уларнинг танасида турли жароҳатлар бўлган.

Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уйнинг ҳовлисига квартиранинг ойнасидан қулаган аёлнинг видеоси тарқаган. Унда эркак киши аёлни елкасида кўтариб, уйга олиб кириб кетган.

Бу факт Октябрь туман милициясига рўйхатга олиниб, «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши қўзғалган. Гумондор қатори Боткен вилоятининг 37 ёшли турғуни қўлга олинган.

МХДҚнинг матбуот хизмати билдиришича, гумондор 15 йил қўмитага қарашли Давлат назорати хизматида ишлаб 2021 йили меҳнат стажи сабаб нафақага чиққан.

Kaktus.media нашри гумон қилинган фуқаро Боткен тумани бўйича Жогорку Кенеш депутатлигига номзод бўлганини ёзган.