Фуқаровий фаол Ондуруш Токтонасировга «ирқий, миллатлараро ва ҳудудий низони қўзғатган» пост ёзишда айбланиб, жиноят иши қўзғалди. Бу ҳақда фаол ўзи 1 июлда «Азаттиқ» нашрига билдирди.
Фаол 30 июнь кечаси соат 11:00гача ИИВнинг тергов хизматида сўроқ қилинган. Шунингдек, у терговчи капитан Алмаз Эркинбеков уни 1 июль куни соат 11га сўроққа келишини айтиб, қўйиб юборганини айтган.
Токтонасиров телефонини терговчи «мумкин бўлган далилларни топиш» мақсадида олиб қўйганини таъкидлаган.
1 июлда ИИВдан «Клооп»га фаол «фейсбук саҳифаси орқали ирқий, этнос, миллий низони қўзғатишга йўналтирилган материалларни эълон қилгани учун» жиноят иши қўзғалганини тасдиқлашди.
Фаолни 30 июнь куни соат кечки 9лар атрофида номаълум кимсалар Сўқулуқ туманининг Лесное қишлоғидан оқ рангли 01 KG 646 рақамли ВАЗ 2107 русумидаги машинага солиб кетгани маълум қилинган.
Бир қанча ҳуқуқ ҳимоячилари ИИВга мурожаат қилиб, фаолни зудлик билан топишни талаб қилишган. Воқеа бўйича ўша куни Сўқулуқ туман милициясига ариза ёзилиб, рўйхатга олинган.
Ондуруш Токтонасиров — 65 ёшли фуқаровий фаол. У ўлкадаги сўз эркинлигини ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўз фикрини билдириб, турли тинч акцияларни ўтказиб келган.