Қочқин президент Аскар Акаев пенсияга чиққандан сўнг Қирғизистонга қайтиб келишини айтди

122

Аскар Акаев. Сурат: Интернетдан олинди

Қирғизистоннинг қочқин президенти Аскар Акаев пенсияга чиққандан кейин ватанига қайтади. Бу ҳақда у 27 июнда Россиянинг расмий «ТАСС» нашрига берган интервьюсида билдирди.

Акаев ҳозирча Москва давлат университетидаги фаолиятини давом эттиришини айтди.

Қочқин биринчи президент аёли Майрам Акаева билан 18 майда Қирғизистонга келган. Биринчи навбатда улар Майрам Акаеванинг 2022 йилнинг январида вафот этган онасига қуръон ўқитгани Таласга боришган, кейин Политехника университетида ва Фанлар академиясида маъруза ўқиши маълум бўлган.

Бу хабар олийгоҳнинг талабалари ва депутатларнинг орасида норозиликларга сабаб бўлди. 22 майда таълим вазири Канибек Иманалиев Акаев «олийгоҳларда маъруза ўқимайди» деб ишонтирган.

Аскар Акаев ва унинг ватанга қайтиши

Аскар Акаев — Қирғизистоннинг биринчи қочқин президенти. У давлатни 15 йилдан ортиқ бошқарган. 2005 йилдаги «қизғалдоқ инқилоби»дан кейин давлатдан чиқиб кетган.

Инқилобга халқаро кузатувчилар томонидан адолатли деб топилган парламент сайлови сабаб бўлган. Шунингдек, Акаев қариндошларини юқори мансабларга тайинлаган деб айбланган.

Акаев ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин у 16 йил давомида ўз ватанида бўлмаган ва фақат 2021 йилнинг август ойида Қумтор иши бўйича сўроқда қатнашиш учун келган. Акаевнинг келиши кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган. Айрим сиёсатчилар унинг 15 йиллик ҳукмронлиги даврида содир этган жиноятларини унутмасликка чақиришган.

2005 йилда Акаев Россияга қочиб кетган ва ҳозирда Москва давлат университети қошидаги Мураккаб тизимларни математик тадқиқотлар институтида бош илмий ходим бўлиб ишлайди.