Президент Садир Жапаров қирғизистонликларни экологияга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга ва чиқиндиларини йиғиб кетишга чақирди. Давлат раҳбари бу борада қирғизистонликларга бўлган мурожаатини Туркиядаги зилзилада қидирув-қутқарув ишларига қатнашиб келган ФВВнинг қутқарувчиларга давлат мукофотларини топшириш маросимида айтди.
Унинг айтишича, ғаввослар 4 ойда Иссиқкўл тубидан 96 минг метрга яқин тўр, 6 тоннага яқин чиқинди олишган.
“Экология мавзуси бўйича кўллик биродарларимга мурожаат қилмоқчиман. Бу қандай аҳмоқлик?! Кўл остининг ҳаммаси тўрга тўлган. Келинглар, одам боласимизку ахир, балиқларга ҳам 3 йил, 5 йил тинч ҳаёт берайлик. Мораторий кирган, балиқ емасангиз ҳеч нарса бўлмайди”, — деди у.
Президентнинг айтишича, чиқинди Иссиқкўлда эмас, республиканинг бошқа ҳудудларидаги дам олиш жойларида ҳам бор.
“Табиат қўйнида ўтиргандан кейин, дам олгандан кейин, йиғиштириб, бир халтага солиб, чиқинди яшикка солиш қийинми? Оғир эмас. Бу биргина кўлликларга тегишли эмас, бутун қирғизистонликларга тегишли. Республика бўйича бизнинг кичик кўлларимиз кўп. Табиатимиз Худо берган табиат. Яна айтамиз туризм билан ривожланамиз деб. Аммо ўзимиз туризмнинг “Т” ҳарфининг ҳам қоидасига амал қилмаймиз. Келинглар, бир-биримизни тарбиялайлик. Катта кичикни, шу чиқиндини ташлаб кетаётганда айтайлик: “олиб кет буни” деб атрофда ҳеч ким йўқ бўлса, кўзинг билан кўрсанг, кўтариб кетсанг қўлингга бир нарса юқиб қолмайди”, — деб мурожаат қилди Жапаров.
Президент бу йил Қирғизистонга 10 млн сайёҳ келиши кутилаётганини қўшимча қилди.
Жапаров Иссиқкўлни булғамай, тоза сақлашга ва бефарқ бўлмасликка чақириб, бир неча марта мурожаат қилди.
ФВВнинг ғаввослари Иссиқкўлни президент топшириғи билан 12 мартдан бери тозалашмоқда.
Қирғизистонда чиқинди муаммоси муҳимлигича қолмоқда. Турли маълумотларга кўра, Бишкекда ҳар куни 870дан 1000 тоннагача чиқинди йиғилади.