Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида суд интернет орқали порнография тарқатиш билан шуғулланган трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ асосчисини 12 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 29 майда Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ёзиб чиқди.
Маълумотга кўра, вебкам-студияси 2021 йил июль ойида аниқланган. Полиция беш нафар қирғиз ва беш нафар қозоқ фуқаросини қўлга олган. Уларнинг 44 минг долларга яқин пулларини, Олмаотадаги кўчмас мулклари ва гиёҳванд моддаларини олиб қўйилган.
«Улар ўзларининг жиноий ҳаракатларига инглиз тилидан рус тилига таржима қилган таржимон-операторларни жалб қилган. Онлайн порностудияларнинг мижозлари хорижий валютада тўловчи бошқа мамлакатлар фуқаролари бўлган. Жиноий гуруҳни Қирғизистоннинг 25 ёшли фуқароси ташкил этган ва унга раҳбарлик қилган», — дейилади полиция хабарида.
Тергов давомида катта шаҳарларда 10 дан ортиқ вебкам-студиялар ташкил этилгани, уларда 50 га яқин қизлар, жумладан, вояга етмаганлар ҳам ишлагани аниқланган. Улар кам таъминланган оилалардан бўлган, шартнома асосида ишлайдиган қизларни ишга олиб, яхши маош ваъда қилгани айтилади.
Суд вебкам-студияси ташкилотчисини мол-мулкини мусодара қилиш билан 12 йилга ҳукм қилди. Қолганлари эса 3 йилдан 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.