Бишкекда сурдирилган «Иссиқкўл» меҳмонхонасининг ўрнига президент маъмуриятининг янги биноси қурилиши давом этмоқда, унга 2022 йили капсула солинган.
Лойиҳа қурилиш бошлангунгача жамиятда кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Кейинроқ президент матбуот котиби Эрбол Султанбоев давлат раҳбарининг маъмурияти қурилаётгани Қирғизистоннинг ижтимоий-иқтисодий томондан мустаҳкамланиш рамзи бўлиши кераклигини айтган.
«Бу ҳам Қирғизистоннинг обрўси билан боғлиқ масала. Хорижий мамлакатларга борганда уларнинг маъмурий мажмуаларига, меъморчилигига доима суқланиб қараймиз. Худо хоҳласа, энди юртимиз меҳмонлари ҳам бизга худди шундай ҳайрат билан қарашсин», — деб ёзган у Фейсбук саҳифасида.
Аввалроқ Садир Жапаров меҳмонхона ўрнига президент маъмуриятини қуриш бўйича қарор «халқ фаровонлиги учун» қабул қилинганини ва бунинг учун бюджетдан «бир тийин ҳам» ажратилмаганини айтган.
«Иссиқкўл» меҳмонхонаси.
«Иссиқкўл» меҳмонхонаси бундан 38 йил аввал, 1984 йилда қурилган. Бино 14 йил бўш турган - 2007 йилдан бери меҳмонхона сифатида фойдаланилмайди.
Меҳмонхона кўп йилдан бери архитектура ёдгорликлари мақомини олиб президент маъмурияти балансида бўлиб келган. 2021 йил апрелида Бишкек мерияси «Иссиқкўл» меҳмонхонасини меъморий ёдгорлик мақомидан ажратган.
Ҳукуматнинг меҳмонхона биносини бузиш режаси 2021 йил декабрида маълум бўлган. Унда президент маъмурияти «Иссиқкўл» меҳмонхонасини эксплуатациялаш «мумкин эмас ва хавфли» деб билдиришган.
Бошқарма маълумотига кўра, меҳмонхонани қайта тиклаш учун «янги бино қуришга тенг маблағ керак бўлади».
Меҳмонхона ўрнига давлат аҳамиятига молик янги маъмурий мажмуа қуриш режалаштирилмоқда. Бундай қарор «маблағлардан оқилона фойдаланиш, йўлларни бўшатиш ва марказнинг эстетик қиёфасини яхшилаш» мақсадида қабул қилинган.