«Бакай Банк» санкция хавфи остидаги иши ҳақида баёнот қилди

99

«Бакай Банк» Россиянинг Украинага ҳужуми сабаб Қирғизистонга таъсир қилиши мумкин бўлган иккинчи даражадаги санкцияларнинг хавфи остидаги иши ҳақида маълумот берди. Банкнинг маълумотини Economist молиявий нашри маълум қилди.

Билдирувда банк ўзининг обрўсини қадрлашини ва иш юритиши бўйича турли айбловларга жавоб беришга доим тайёрлиги айтилади.

Банк Россиянинг Украинага қарши агрессиясини қўлламаслигини таъкидлади. Аммо муассаса уларга бизнес қатори таъсир қилаётган урушга қарши санкциялар билан тиғиз алоқадаги Қирғизистон билан Россиянинг иқтисодиёти ўртасида иш олиб бориш қийин бўлаётганини тан олди.

«[Иқтисодиёт] жуда тиғиз боғланган, шу сабаб бирор бир қўллов бўлмай туриб биздан Россия билан қандай бўлмасин иқтисодий ёки товар туридаги ўзаро алоқаларни рад этинглар деган талаблар — бу арзон популизм, бу бизнинг республикамиз иқтисодини емирилишига олиб келади», — дейилади билдирувда.

Муассаса «Бакай Банк»га нисбатан санкциялар киритиш керак деган чақириб қилиб, «кескин салбий баҳо бераётганлар республика қандай шароитда яшаётганини чуқур таҳлил қилмайди» деб таъкидлади.

«Қанчалик ачиниб, қайғусига ўртоқ бўлсак ҳам биз ҳаракат қилиб, бозор эҳтиёжини ёпиш учун биринчи навбатда ўзимизни ўйлашимиз керак, биз даромад топиб, давлат ғазнасига пул олиб келиш учун ақл билан ривожланишга мажбурмиз. Даромад қанча кўп бўлса — ғазнага қўшган ҳиссамиз шунча катта бўлади», — деб тушунтирди банк.

Банк агар Қирғизистон ҳукумати ўзининг йирик савдо ҳамкорининг бири билан муносабатларни узиш бўйича эркли қарор қиладиган бўлса, унда «республиканинг иқтисоди бир неча кунда, энг кўпи бир ҳафтанинг ичида тугайди» деб қўшимча қилишди.

Муассаса Қирғизистондаги банклар орасидан биринчилардан бўлиб Россиянинг «Мир» карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатганини эслатди. Шунингдек, банк Қирғизистоннинг ҳам, бошқа давлатларнинг ҳам, жумладан Россия фуқароларига ҳам масофадан бўлса ҳам VISA карталарини бермаётганини таъкидлади.

Ўтган йил охирида «Клооп»нинг журналистлари Телеграм мессенжерида Украинага бостириб киргани учун Россияга солинган санкцияларни четлаб ўтиш учун россияликларга қирғиз банкларидан масофадан туриб ҳисоб очиб бериш хизматини таклиф қилган чатни аниқлаган. Картасини масофадан туриб олишга имкон бўлган банкларнинг орасида «Бакай Банк» ҳам бўлган.

Шунингдек, «Бакай Банк» билдирувида Америка савдо палатасининг фаол аъзоси эканини ва санкциявий ҳаракатлардан сақланишга эътибор берган Американинг барча ҳукумат/назорат тузумларининг вакиллари билан консультатив учрашувларнинг ҳаммасига қатнашганини таъкидлади.

«Бироқ бу масала бўйича кўмаклашишни ва консультациялар учун ғарбдан назорат киритилсин деган таклиф бўлишига қарамай бугунги кунгача ҳеч қандай ҳаракат бўлмаганини таъкидлашга мажбурмиз, бу ажабланарли: сабаби маҳаллий бизнес, бизнинг банкгина эмас, молиявий сектор ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрлигини кўрсатмоқда, аммо бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича реал ҳаракатлар ҳозирча бўлмаган», — дейди банк.

Иккинчи даражадаги санкциялар

АҚШ ва унинг ҳамкорлари 2022 йилнинг февралида Украинага ҳужум қилган Россияни қўллаган дунёдаги турли компанияларга иқтисодий санкцияларни киритиб келади.

Бунгача ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Россияга нисбатан санкциялар бўйича маълумот бериб, Россияга нисбатан чекловларни қўлламаган давлатлар санкцияларни четлаб ўтган платформа бўлмаслиги керак деб билдирган.

ЕИнинг огоҳлантиришига қарамай, Қирғизистон Россия билан асосий тармоқлар бўйича яқин ҳамкорлик қилиб, савдо-сотиқни фаол олиб бормоқда.

19 майда АҚШ Қирғизистоннинг «Тро, Я» (Tro.Ya, LLC) компаниясига Россиянинг ҳарбий кучларига кўмак кўрсатгани учун санкция киритгани маълум бўлган. Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, компания 2018 йили қайта рўйхатдан ўтган, асосчиси ва етакчиси — Хилоу Насер Ишарович. Фирманинг ўзи Чуй вилоятининг Тўқмоқ шаҳрида рўйхатга олинган.

Компаниянинг сайтида ишхона электрон компонентларни, ишлаб чиқариш автоматикасини, навигация ускуналарини ва телекоммуникация учун компонентларни етказиш билан шуғулланиши айтилади.

Бу Россия Украинага ҳужум қилгандан бери қирғиз компанияси АҚШнинг санкциясига учраган биринчи ҳолат.