Жапаров дўстининг Бишкекда очилган янги казинога қандай алоқаси бор?

157
Сурат: fabrikasimf / Freepik

Бишкекда олдинги «Золотой дракон» хитой ресторани биносида қимор ўйинларига киритилган тақиқлар бекор қилингандан кейинги биринчи казино очилди. У икки ҳафтадан бери ишламоқда. Ўйин бизнеси учун биринчи лицензияни сотиб олган компания президент Садир Жапаровнинг яқин дўсти билан алоқаси борлигини журналистлар бунгача айтишган эди. «Клооп» улар қандай алоқада эканини айтиб беради.

Қимор ўйинларига тақиқ 2012 йили киритилган. Ўтган йилнинг ёзида можаролар билан бекор қилинган. Аммо казино очишга берилган биринчи лицензия ҳақида бу йил май ойида маълум бўлган. Уни 84 млн сомга «Гранд Казино» номли ёш компания сотиб олган.

Уни 2022 йилнинг ноябрида Юстиция вазирлигида етакчиси ва асосчиси Абдиманапов Адилет Абдиманапович рўйхатдан ўтказган. Ўтган йилгача унинг фаолияти ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ эди. Бироқ ҳозирда у Арзибек Буркановга ишлайди — президент Садир Жапаровнинг яқин дўсти.

Топишмоқли ёш мультимиллионер

Арзибек Бурканов — таниқли шахс, у оддий одам эмас. У парламент депутати бўлган, Боткен вилоятининг губернатори вазифасини бажарган, президентлик сайловида Садир Жапаровнинг ишончли вакили ва премьер-министрнинг маслаҳатчиси бўлган. Депутат Жанар Акаевнинг айтишича, «резюме кўтарганларнинг бари» Буркановга боришади. Бурканов билан боғлашаётган компания президентнинг сайлов фондининг ҳомийси бўлган.

Қирғизистонда казино очишга биринчи лицензияга эга бўлган Адилет Абдиманапов ҳақида маълумот оз. Солиқ хизматининг базасида исми-шарифи шундай икки одам чиққан. «МедиаХаб» иккиси ҳам 30га чиқмаганига эътибор қаратган.

Шунингдек, давлат молия назорати «Гранд Казино» МЧЖ лицензияни 84 млн сомга сотиб олганини билдирган. Лицензия олиш учун мурожаат қилган компанияни қонун бўйича яна бошқа ҳаражатлари кўп бўлади. Бу ёшдаги ёш йигит шунча пулни қаердан олган?

«Клооп» казино бўйича Буркановнинг қариндошлари билан компаниянинг ходимларига бир неча марта изоҳ сўраб мурожаат қилди. Аммо тўғри жавоб ололмади. Бироқ қандайдир бир қизиқ ҳолатларда, бизнинг қўнғироқлардан кейин давлат идораларининг сайтлари билан казинонининг ўзини сайтида ўзгаришлар бўлибди. Солиқ хизматининг сайти янгиланиб, бу ерда 1999 йили туғилган биргина Адилет Абдиманапович Абдиманапов рўйхатга олинган.

Юстиция вазирлигининг сайтида «Гранд Казино»нинг бошқарув таркиби ҳам ўзгарган. Энди компания раҳбари деб бошқа одам кўрсатилган — Нурбек Султанов. Султановнинг Бурканов билан алоқаси бошқа компанияларнинг таркибидан ҳам топса бўлади. Компаниянинг асосчиси қатори аввалгидай Абдиманапов қолган. Вазирликнинг ҳужжатида компаниянинг қайта рўйхатга олинган куни кўрсатилмаган.

«Ҳеч нарса билмайман, ҳозир бўш эмасман»

«Гранд Казино» компанияси Бишкекнинг 12-кичик туманидаги уйга рўйхатга қўйилган. Кадастр ҳужжатига кўра, бу бинони Буркановнинг ишхонаси қурган. Кейин компания рўйхатга қўйилган жойнинг эгалари бир неча марта алмашиб, охирида яна Буркановларга қайтган. Ҳозир унга Арзибекнинг укаси Маманазар Бурканов эгалик қилади.

Уларнинг қариндошлик алоқасини «Клооп»га Арзибекнинг ота бир иниси, Боткен мэри Имамназар Бурканов тасдиқлади. «Мен [Маманазар Буркановнинг] ғашт заводи борлигини биламан. [У] казино ёки бошқа нарса очяптими, менинг ҳеч қандай маълумотим йўқ», — деди мэр.

Очиқ манбадаги маълумотлардан Маманазар Бурканов 2018 ва 2020 йиллари Боткен шаҳар кенгашининг депутати бўлгани маълум. «Боткендаги ғишт заводига»  Маманазар 2015 йилдан бери эгалик қилади, аммо завод даромад берадими йўқми — номаълум: 2018 йилдаги декларацияга кўра, унинг даромади 0 сом деб кўрсатилган.

«Клооп» казинонинг очилишига Маманазар Буркановнинг қандай алоқаси борлигини ва «Гранд Казино»нинг манзили нима учун унга рўйхатга қўйилганини билиш учун у билан боғланди. Аммо у «Мен ҳеч нарса билмайман, ҳозир бўш эмасман, жавоб беролмайман», — деб телефонни қўйиб қўйди.

Чегара билмаган ишонч

«Гранд Казино» компанияси қиморхона очишга лицензияни 2023 йилнинг апрели охирида олган. Бироқ уни очишга бир неча ой олдин тайёргарлик кўра бошлаган.

2022 йилнинг ноябрида компания Юстиция вазирлигида рўйхатга олинган. Декабрда сайтига домен қўйдирган. Февралда Инстаграмда аккаунти пайдо бўлиб, крупье мактабига қабулларни бошлаб, номзодларга иш беришни ваъда қилган. 2023 йилнинг мартида казинога ходимларни қабул қилишни эълон қилган. Апрелда лицензия олгунча Карьерист.ру сайтида «Гранд Казино»нинг HR-менежерлик хизматига вакансия эълон қилинган.

Катта пул лицензия ва ходимларни олишгагина сарфланганмаган, мартда Kaktus.media «Европа плюс» радиосининг эфирида янги казинога диллерлар кераклиги ҳақидаги рекламани эшитган. Журналистлар эълонда айтилган рақамга қўнғироқ қилиб, казино Бишкекдаги олдинги «Золотой дракон» ресторани биносида очилишини билишган.

 «Бу ерда Бурканов йўқ, фақат чет элликлар»

Қирғизистонда казино фаолиятига рухст берган қонунга президент Садир Жапаров 30 июнда қўл қўйган. Бунгача парламентда қонунни қабул қилиш можаролар билан давом этиб, давлатнинг бир қанча шаҳарларида қиморхона очишга қарши митинглар ўтган.

Казино фаолиятига ўлкада 2012 йилнинг 1 январида тақиқ киритилган. Бу вақтда қонун лойиҳасининг ташаббусчиси, ўша вақтдаги депутат Бакитбек Жетигенов казинолар ва ўйин автоматлари қимор ўйинларига яқин одамларнинг маънавий ва руҳий ҳолатига «салбий» таъсир қилаётганини айтган.

Ҳозир эса ҳукумат қонуннинг мақсади «инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш йўли билан давлат бюджетига қўшимча ресурсларни олиб келиш» бўлиб ҳисобланади деб айтишмоқда.

Қабул қилинган қонунга кўра, Қирғизистон фуқаролари ва 21 ёшгача бўлган чет эл фуқаролари қиморхонанинг мижози бўлолмайди. Қонунга қарши томонлар бунга ишонмайди, сабаби улар ҳукумат мазкур талаб бажарилишини таъминлай олмайди дейишади. «Гранд Казино»нинг етакчиси Нурбек Султанов казино давлатга фойда олиб келмоқда деб ишонтирмоқда.

«Бизда лицензия жуда қиммат турар экан – 84 миллион сом. Тасаввур қилинг: бир пенсионер 20 минг сом олади дейлик. [Пенсия олган] 50 одам — бу бир миллион сом. 84 миллион сом дегани бу бюджетга қандай катта ҳисса! Буни нимаси ёмон, билмадим. Ҳеч ёмон нарса кўрмадим. Яқинда [… “Гранд Казино”] ишламай туриб 7 млн сом солиқ тўкди», —  деган у 22 майда «Клооп»га берган интервьюсида.

Буркановнинг казинога алоқасини казинонинг директори инкор қилмоқда.

«Арзибек Буркановнинг [“Гранд Казинога”] ҳеч қандай алоқаси йўқ», — деб билдирди Султанов.  — Инвесторларни [тортдими-йўқми] билмайман. Ҳозирда ҳеч қандай алоқаси йўқ, бу ерда фақат чет элликлар […] Сизлар ҳужжатлар билан танишиб чиқсангиз керак? Бир жойида Бурканов бормикан? Йўқ-да. Балки, чет ўлкалик инвесторларни жалб қилишда бирор алоқаси бўлгандир, аммо компания билан казинонинг фаолиятига ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ».

Бунгача Буркановнинг ходимларидан бири «МедиаХаб»нинг журналистларига ҳам хорижлик инвесторлар ҳақида айтган. «Бунинг ортида ҳиндистонлик инвесторлар бор», — деган у.

Муаллифлари: Александра Ли, Зулайка Эркимбаева