Қирғизистон ва Хитой биргаликда 63 млн долларлик икки сериални суратга олади

134

Қирғизистон ва Хитой биргаликда бюджети 63 млн долларлик икки сериални суратга олади. Бу ҳақда 24 майда «Клооп»га Маданият вазирлиги хабар берди.

Маълумотга кўра, вазирлик ва Shaanxi Tianhan Shengdian Film Company Ltd. кинокомпанияси ўртасида шартнома имзоланган. Унга кўра, «Ипак йўлининг олис шамоли» деб номланган 40 қисмли телесериал суратга олинмоқчи.

Суратга олиш ишлари шу йилнинг иккинчи ярмида бошланади ва жараён Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлиши айтилади. Бу сериалга 38 миллион доллар сарфланади.

Шунингдек Beijing Zhongyi Boyue Culture Media Co билан ҳамкорликда олинадиган «Бишкекдаги севги» телесериалининг бюджети 25 млн долларни ташкил қилади. Лойиҳа 30 сериядан иборат бўлиб, суратга олиш ишлари Бишкекда олиб борилади.

Вазирлик ҳар иккала телесериалнинг ташаббускори Хитой томони бўлиб, сарфланадиган барча маблағни ўз зиммасига олишини маълум қилди.

18 майда Президент Садир Жапаров давлат ташрифи билан Сиань шаҳрига бориб, Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашган. Унинг доирасида томонлар бир қатор икки томонлама ҳужжатларни имзолаган.