Президент Садир Жапаров Циан шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Хитой» саммитида Қирғизистон мустақилликка эришганидан бери тинчликсевар сиёсат юритиб келаётгани ва чегараларни тартибга солиш масалаларини конструктив ҳал қилиб келаётганини таъкидлади. Бу ҳақда президент сайтида хабар берилди.
Жапаров Қирғизистон Хитой ва Ўзбекистон билан давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш ишларини муваффақиятли тугатганини таъкидлади.
«Ўзбекистон билан биргаликда қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация масаласини муваффақиятли якунланди. Ҳозир ўзбек ҳамкасбларимиз билан чегарани демаркация қилиш ишларини битириш бўйича фаол иш олиб бормоқдамиз. Шу йўналишда дўстликни ва ахил қўшничилик руҳида Тожикистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди президент.
Президент Тожикистон билан чегара масаласини ҳал қилиш бўйича олдин ҳам сўзлашган. Апрелда чегара масаласида «жилишлар борлигини» айтган, аммо «жуда суст бораётганини» тан олган.
«Агар икки томоннинг ҳам манфаатини ҳисобга олиб чегара чизиқларини чизишга рози бўлса, ҳудудларда бир ойлик иш қолди. Бироқ қўшнилар айрим ҳудудларга келганда бу ерни 1924 йилги харита билан ҳал қилайлик деган таклифларни киритишди. Шунинг учун жараён тўхтаб қолган. Аслида 1924 йилга харита билан ҳал қилайлик деган таклиф юридик ва маънавий томондан ҳам тўғри келмайди. Сабаби 1924 йили улар ҳам, биз ҳам алоҳида давлат эмасдик», — деган Жапаров.
2022 йилнинг ноябрида Жапаров Қирғизистон Тожикистон билан чегара масаласини 2023 йилгача ҳал қилиш ниятида эканини айтган. Аммо бундай бўлмади.
Қирғизистон билан Тожикистоннинг давлат чегарасидаги баҳсли ҳудудларнинг муаммоси бир неча йилдан бери ҳал бўлмайди. Шу сабаб икки давлат ўртасидаги чегарада тез-тез можаролар юз беради.