Президент Садир Жапаров режадан ташқари Бишкек шаҳридаги 77-умумтаълим мактабига ташриф буюриб, 9-синф ўқувчилари учун «Динлар тараққиёти тарихи» дарсида иштирок этди. Бу ҳақда 4 май куни президент матбуот хизмати маълум қилди.
Жапаров дарсда ўқув жараёнининг боришини, янги фанни ўқитиш методикасини ва ўқувчиларнинг ушбу мавзу бўйича билим даражасини кузатди.
«Президент турли радикал диний оқимларга аралашиб қолишнинг олдини олиш учун ёш авлодга дин ҳақида тўғри маълумотларни етказиш муҳимлигини, мактаб ўқув предмети нафақат ёшларда дин тўғрисида тўғри тасаввурни шакллантиришга хизмат қилишини, балки ёшлар ўз оилалари ва яқин атрофларида диний маърифатга хисса қўшишини таъкидлади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Жапаров ташаббуси билан 2022 йил сентабр ойидан ўқув режасига «Динларнинг ривожланиш тарихи» фани киритилган.
Сўнгра 9-синф ўқувчилари томонидан ўрганилиши, кейинроқ эса 7-8-синф ўқувчилари учун ушбу фан жорий этилиши маълум қилинди. Президент маъмурияти «Динлар тараққиёти тарихи» фанини гуманитар таълимнинг ажралмас қисми, деб ҳисоблайди.
2016 йилда Қирғизистондаги 10 та мактабда, 2020 йилда эса яна 56 та таълим муассасасида пилот лойиҳада жорий қилинган.
Мавзунинг киритилиши Қирғизистоннинг 2014-2020 йилларга мўлжалланган диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида белгилаб берилган. Концепция Мудофаа кенгаши томонидан Алмазбек Атамбаев президентлик даврида қабул қилинган.