Султанбаев: Жапаров Москвага «Кремл»га дронлар «ҳужум»  қилганига қарамасдан боради

212

Президент Садир Жапаров Кремлга дрон «ҳужум» қилишига қарамай, расмий иш ташрифи билан боради. Бу ҳақда Жапаровнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев РИА Новостига билдирди.

«Президентнинг халқаро тадбирлар жадвали ўзгармаган», — деб билдирди Султанбаев.

Садир Жапаров Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 8-9 май кунлари Россияга боради. Қирғизистон президенти 9 майда Москвада ўтадиган парадда бошқа давлатнинг ягона вакили бўлиши кутилмоқда.

3 майга ўтар кечаси дронлар Кремлга «ҳужум» қилган. Россия президенти матбуот котиби икки дрон уриб туширилганини билдирган.

Кўп ўтмай интернетда воқеа жойидан олинган видео пайдо бўлган, унда дронлардан бири Сенатлар биноси устида портлагани акс этган.

Россиянинг расмий ҳукумати дронларнинг «ҳужум»ини «Россия Федерацияси президенти Владимир Путинга ҳужум қилишга уриниш» деб атади. Путин «ҳужум» вақтида бошқа қароргоҳда бўлгани аниқланди.

Украина бу ҳодисага алоқаси йўқлигини билдирди. Президент Владимир Зеленский «Украина Путинга ҳам, Москвага ҳам ҳужум қилмаганини» таъкидлади.

Америкадаги Урушни ўрганиш институти (ISW) учувчисиз самолётларнинг «ҳужуми»ни ўрганиб чиқиб, бу «атайлаб уюштирилган» бўлиши мумкин, деган хулоса чиқарган. Улар рус ҳукуматининг «ҳодисага тез, изчил ва координацияланган» чора кўришини ўз хулосасида аргументларнинг бири сифатида келтиришди. Агар ҳужум мамлакат ичида уюштирилмаганида, бу Россия ҳукумати учун кутилмаган воқеа бўларди ва улар бунга бунчалик тез реакция қила олишмаган бўларди, дея таъкидлашди, суриштирув муаллифлари.

Кремлга дронларнинг «ҳужум»идан сўнг Москвада учувчисиз учиш аппаратлар учириш таъқиқланди.

Россия армияси 2022 йил февраль ойида Украинага ҳужум қилган ва Россия бошлаган уруш ҳали ҳам давом этмоқда.

Ғарб давлатлари ҳарбий ҳужумни танқид қилиб, Россияга қарши кўп сонли санкциялар киритган. Бундан ташқари, Ғарб давлатлари Россияга ёрдам берган давлатларга нисбатан санкциялар қўлланилишини бир неча бор огоҳлантирган.

БМТнинг 2023 йил 2 май ҳолатига кўра, Россия Украинага ҳужум қилганидан бери 8709 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 14000 дан ортиқ киши жабрланган. Бироқ ташкилот қурбонларнинг сони анча кўп бўлиши мумкин дейишмоқда. Бу ҳақда Украина ҳукумати ҳам айтиб келади.