Мухолифатдаги «Ата-Журт» партиясининг депутатлари Қамчибек Ташиев, Садир Жапаров ва Талант Мамитов 2012 йилнинг октябрида ўтказган митингида ҳокимиятни босиб олишга ҳаракат қилганликда айбдор деб топилди. Олий суд бу тариқа Бишкек шаҳар судининг депутатларни озод қилиш ҳақидаги ҳукмини бекор қилди.
Олий суд ўз ҳукмини 6 август куни кеч чиқарди. Ҳукмни чиқариш учун судга икки йиғин кифоя қилди.
Қамчибек Ташиев ҳамда Садир Жапаров 1 йил ва 5 ойга қамоққа ҳукм қилинди — Олий суднинг бу ҳукми Биринчи май район суди депутатларга берган жазо муддатидан бир ойга кам бўлди.
Талант Мамитовга жазо чораси эса Биринчи май район суди чиқарган ҳукм билан бир хил бўлди ва у бир йиллик қамоққа ҳукм қилинди.
Депутатларнинг ҳар уччаласи ҳозир озодликда. Улар жазони 2012 йилнинг октябридан бошлаб 2013 йилнинг июнида қамоқдан чиққунларича ўтаб бўлган.
Уларнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов изоляторида ўтиргани ҳисобга олиниб, у ерда ўтказилган бир кун икки кун ҳисобида саналган.
Олий суд ўзининг мазкур ҳукми билан 17 июн куни Бишкек шаҳар судининг депутатларни оқлов ҳукмини бекор қилди.
Ҳар уччала депутат «Кумтор» олтин конини миллийлаштириш борасида ўтказилган митинг пайтида ҳокимиятни босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланди.
Депутатларнинг ўзлари ҳукмни сиёсий сабабларга кўра чиқарилганини билдирди, уларнинг адвокатлари эса ҳукм уларни депутатлик мандатини бекор қилиш мақсадида чиқарилганини айтмоқда.
«Биз бу ҳукмни улардаги депутатлик мандатини бекор қилиш мақсадида чиқарилганини тахмин қиляпмиз. Фақат шу ният билан ҳокимият ушбу қарорни олға сурди», — деди депутатлар адвокати Искендер Журабаев.
Депутатлар маҳкама жараёнида қатор қонунбузарликлар рўй берганини билдириб, Конституцион палатага мурожаат қилмоқчи эканларини билдирди.
Ҳукумат «ата-журтовчилар» танқидига муносабат билдиргани йўқ.