Бишкекда қонунийлаштиришни талаб қилган фуқароларнинг митинги бўлиб ўтди

179

27-мартда пойтахтнинг Достоевский ва Ахунбаев кўчалари кесишмасида жойлашган Кўк-Жар 2 участкасининг 30 га яқин аҳолиси Бош прокуратура биноси олдида митингга чиқишди. Улар сотиб олган ерларини қонунийлаштириш ва «Қизил китоб» – хусусий ерга эгалик қилиш ҳуқуқини беришни талаб қилишди.

Йиғилганлар «Клооп»га ўз уйлари учун ерни қонуний йўл билан сотиб олганликларини, аммо «Қизил китоб»лари йўқлигини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, 4-10 йилдан буён «Қизил китоб» талаб қилаётган ерларида истиқомат қилишади.

Бундан ташқари, турғунлар қўшниси Султан Оморовни аввалроқ милиция томонидан қўлга олингани учун ҳам митингга чиқишганини билдиришди. Уларнинг сўзларига кўра, Оморов аҳоли томонидан аҳоли пункти худудида инфратузилмани қуриш ва ерларни қонунийлаштириш учун масъул шахс сифатида сайланган. Митингга йиғилганлар аҳоли пунктига коммуникация тизимини ўрнатиш учун пул йиғиб, Оморовга ўтказиб беришган.

Милиция нима дейди?

Чуй вилоят ИИБ маълумотларига кўра, Оморов 24-март куни қўлга олинган ва у 1,5 гектар қишлоқ хўжалиги ерларини эгаллаб олганликда гумон қилинмоқда.

Мазкур ҳолат «Бегона ер участкаларини мажбуран тортиб олиш ва қишлоқ хўжалиги ерларида ўзбошимчалик билан қурилиш қуриш» моддаси билан расмийлаштирилиб, Оморов вақтинчалик сақлаш жойига киргизилган.

Бу жой ҳақида яна нималар маълум?

Бу жой ҳақида аввалроқ депутат Дастан Бекешев Архитектура, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги давлат агентлигидан олинган маълумотни эълон қилган.

Ҳужжатда вилоят шаҳар қуриш бўйича ҳудудий бошқарма Ахунбаев – Достоевский – Анқара – Алтин-Ордо-1 кўчалари майдонини «қишлоқ хўжалиги» тоифасидан «аҳоли участкаси» тоифасига ўтказиш учун уй-жойлар қуриш бўйича эскиз тайёрлангани таъкидланган.

Мазкур ислоҳот Вазирлар Маҳкамасининг ер амнистияси тўғрисидаги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Бекешев мазкур жойда қурилиш бошланиши мумкинлигини айтган.