Ўшда Россиянинг молияси билан таълим мажмуаси қурилади

186

Ўш шаҳрида Россия 1224 ўринли таълим мажмуасини қуради. Бу ҳақда 27-мартда Ўш шаҳар мэриясидан билдиришди.

Маълумотга кўра, Ўш шаҳар мэри Бакитбек Жетигенов Россиядан келган делегация билан учрашиб, мактаб қурилиши бўйича режалаштирилган лойиҳани муҳокама қилишган.

Шаҳар раҳбари Жетигенов мазкур ўқув мажмуаси «ўқувчиларга замон талабига мос билим берувчи жой бўлишини ва шаҳар ҳукумати томонидан зарур бўлган барча ёрдамлар берилишини» таъкидлаган.

Россия президентининг чет ўлкалар билан минтақалараро ва маданият бошқармаси бошчисининг ўринбосари Антон Рибаков Қирғизистоннинг таълим вазирлиги ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда бўлишидан умидвор эканини билдирди. Унинг айтишича, бу объект «рус-қирғиз дўстлигининг рамзи бўлиб қолади».

Сурат: Ўш шаҳар мэрияси

«Бу 1224 ўринли замонавий таълим мажмуасида сув ҳавзалари, стадионлар, спорт майдончалари бўлади. [...] Республика бўйича ҳар бир вилоятда, Бишкек ва Ўш шаҳарларида умумий 9 комплекс қурилади. Режага кўра, бу ўқув комплексига маҳаллий рус тили ўқитувчилари ҳам, Россиянинг тегишли педагогика олийгоҳларида керакли ўқишдан ўтган ўқитувчилар ҳам жалб қилинади», — деди Рибаков.

Бундан ташқари, учрашувга Таълим вазирининг ўринбосари Надира Жусупбекова ва Қирғиз-рус тараққиёт жамғармасининг раиси Артем Новиков қатнашди. Улар 29-мартда таълим муассасаларини қурилиши бўйича ҳукуматлараро шартнома имзоланишини ва турли тармоқларда «икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ниятини» билдиришди.

Россия ҳукумати Қирғизистоннинг 7 вилоятига умумий 9 мактаб қуриб бериши ҳақидаги маълумот ўтган йили айтилган. Унга кўра, қурилишни рус ҳукумати назорат қилиб, мактаб битгандан кейин қирғиз томонга ўтказиб берилади. Муассасаларга таълим рус тилида берилади, «агар зарур» бўлса қирғиз тилидаги синфлар ҳам очилади. Бу ерда билим берувчи ўқитувчилар Россияда махсус ўқишдан ўтиб келишади.

Россия 2022-йили 24-февралда Украинага ҳужум қилган ва минглаган турғунлар ҳалок бўлмоқда. Қирғиз ҳукумати бу масалада нейтрал позицияда туришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ қирғизистонликлар бир неча марта Украинадаги урушга қарши чиқиб, Украинадаги урушда ҳалок бўлиб, етим қолганлар учун Путин Гаагадаги халқаро жиноят судида жавоб бериши керак деб митингларга чиқишган.

Шу йилнинг 17-мартида Гаагадаги халқаро жиноят суди Путинни Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги ёш болаларни Россияга ноқонуний, мажбуран олиб кетилгани сабаб қамоққа олиш бўйича ордер чиқарган. Рус ҳукумати бунга жавоб қилиб, халқаро жиноят судининг қонунийлигини тан олмаслигини билдирган.