Россиянинг Москва шаҳрида икки нафар Қирғизистон фуқароси пичоқланиб, бир нафари воқеа жойида ҳалок бўлди. Тўрт нафар Қирғизистон фуқароси гумондор сифатида ҳибсга олинди. Бу ҳақда 24-мартда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, воқеа 22-март куни эрталаб соат 04:10 да Москванинг Павшино ҳудудида содир бўлган. Туман ички ишлар бўлимига номаълум шахс кўчада ҳушсиз ҳолатда ётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига борган милиция ходимлари пичоқланган икки нафар Қирғизистон фуқаросини топишган. Улардан бири, Сўқулук туманининг 18 ёшли турғуни воқеа жойида вафот этган. Иккинчиси эса Жалолобод вилояти Сузоқ туманининг 19 ёшли турғуни касалхонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Россия Тергов қўмитаси «Қотиллик» ва «Икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатган. Қирғизистоннинг 20 ва 21 ёшли 4 фуқароси гумондор сифатида ҳибсга олинди.
«Улардан пневматик тўппонча ва пичоқ топилди. Дастлабки маълумотларга кўра, жиноят жанжал асосида содир этилган. Тез орада суд гумонланувчиларга нисбатан бош ҳимоя чорасини танлайди», — дейилади ИИВ хабарида.
Аввалроқ, январь ойида қирғизистонлик ватандошларини ўғирлаб, пул ундирган уюшган жиноий гуруҳнинг тўрт нафар аъзоси Москвада қўлга олинган. Ҳолат юзасидан «Ўғирлаш» моддаси бўйича иш қўзғатилган.
Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2022-йилнинг биринчи ярмида Россияга 438,2 минг Қирғизистон фуқароси келган. Бу ўтган йилга нисбатан 53,3 мингтага кўп экани айтилган.