Орто-Токой ГЭСи Хитой компанияси томонидан қурилади

144

24-мартда «Чакан ГЭС» очиқ акциянерлик жамияти бош директори Нурлан Сидиков China National Heavy Machinery Corporation компанияси билан Орто-Токой ГЭСини қуриш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қирғизистон энергетика вазирлиги

«Умумий қуввати 21 МВт бўлган учта гидроагрегатга эга Орто-Токой кичик гидроэлектр станциясининг қурилиши мамлакатимиз сув ресурсларидан тўғри фойдаланиш имконини беради. Мазкур ГЭС Орто-Токой сув омборида қурилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Муассасадан Орто-Токой сув омбори Қирғизистонда мавсумга қараб сув оқимини тартибга солиш учун қурилган биринчи сув омбори эканини, у Чуй сувининг оқимини тартибга солиб туриши ҳамда 120 минг гектар ерни суғоришда фойдаланишларини билдиришди.

Аввалроқ, Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги Венгрия-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси ҳамда Венгриянинг А-Hid компанияси билан Қирғизистондаги кичик гидроэлектр станцияларни лойиҳалаш бўйича шартнома имзолаган. Бош вазир Ақилбек Жапаров Кичик ГЭСни ривожлантириш ва қуриш – Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.