Бишкекда милиционерлар томонидан зўрланган 13 ёшли қизни қўллаш акцияси бўлиб ўтади

202

Бишкек шаҳрида икки милиция ходими ва бозорнинг қоровули томонидан зўрланган 13 ёшдаги қизни қўллаш акцияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда фаоллар 20-мартда ижтимоий тармоқларда билдиришди.

Маълумотга кўра, акция 22-март соат 10:00да Олий суднинг биноси олдида бошланади.

Ўша куни милиция ходимлари туман судининг қароридан шикоят қилишгани бўйича суд мажлиси бўлади. Акция иштирокчилари аввалги суд инстанцияси ҳукмини енгиллаштириб юбормасликни талаб қилишмоқчи.

Сурат: Интернетдан олинди

Бунга қадар 13 ёшли қизнинг иши бўйича бозорнинг қоровули 10 йилга, икки милиционер 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, учови ҳам жабрланган томонга маънавий зарар учун ҳар бири 100 минг сомдан тўлаб беради.

Кейинчалик шу йилнинг 13-январида, Бишкек шаҳар суди икки милиция ходимининг жазо муддатини камайтириб, бирини 6 йилга, иккинчисини 9 йилга ҳукм қилган. Учинчи айбланувчига эса — бозор қоровулига аввалги ҳукми ўз кучида қолган.

Мазкур воқеа бўйича депутат Жанар Акаев бу йил 14-мартдаги Жогорку Кенешнинг йиғинида айтиб, бу ишга эътибор қаратишга чақирган.

«Шаҳар суди 13 ёшли қизни зўрлаган милиция ходимларининг [жазо муддатини] 15 йилдан 6 йилга туширибди. Бу энди «уч боласи бор, енгиллаштириб қўймасак бўлмайди» дейишибди. Демак, бу яқинда чиқар эканда», — деб билдирган халқ вакили.

Шунингдек, Акаев «милиция ходимларини ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида ишлаган қариндошлари жабрланувчи қизнинг ота-онасини қўрқитиб, бугунги кунда қиз назоратчилар билан мактабга келаётганини» таъкидлаган.

Муаллиф: Айгерим Белекова