Бишкек турғуни онасини уриб кетган ҳайдовчини жазога тортишни сўрамоқда

163

Бишкекнинг турғуни Азизкан Алимбаев президентдан ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан онаси Миркул Айткуловани уриб кетган кишини жазолашни сўради. У ўз мурожаатини 19-мартда Instagram саҳифасига жойлади.

Алимбаевнинг айтишича, автоҳалокат шу йилнинг 30-январида Тинистанов ва Фрунзе кўчаларининг чорраҳасида бўлган.

«Honda Fit русумидаги автомашинанинг ҳайдовчиси Камилжан Маматов тезликни ошириб, қизил светофордан ўтиб, пиёдалар ўтувчи яшил чироқда ўтиб кетаётган онам Миркүл Айткуловани уриб кетган. Менинг онам оғир жароҳатланди. Ўнг ва чап миясига қон қуйилиб, жигари ёрилиб, кўкрак суяги, ўнг ва чап томондан саккиз қовурғаси, елкаси, ёнбоши синган. Уч кундан кейин онам тўртинчи шаҳар касалхонасининг жонлантириш бўлимида вафот этган», — деб ёзди у.

Алимбаев унинг онаси 50 ёшда бўлганини қўшимча қилди.

«У жуда ҳаётни севарди, шу йил саёҳатга чиқишни режалаштираётган эди. Бунга қадар кўп давлатларда бўлди. У ҳаракатчан ва қувноқ одам эди. Ўша куни эрталабки югуришга чиққанда уни ҳайдовчи Камилжан Маматов уриб кетган», — деб ёзди у.

Алимбаев ва унинг оиласи гумондорни уй қамоғига чиқарган Свердлов туман судининг ҳукмидан норози бўлди.

«Камилжан Маматов эркинликда юриб қилган жиноятини оғирлигини тушунмади! У жазоланмай қоламан деса керак, сабаби Қирғизистонда амалда қонун ишлаши қийин», — деб ҳисоблайди вафот этган аёлнинг ўғли.

Алимбаев президентга ва ҳуқуқ идораларига мурожаат қилиб, онасининг ўлими бўйича иш Биринчи май туман судида қонуний кўриб чиқилишини сўради.