Бишкекдаги ресторанларнинг бирида фуқарони калтаклади деб айтилган Жогорку Кенеш депутати Жанибек Абиров қирғизистонликлардан кечирим сўраб Фейсбукка пост ёзди.
Депутат шу вақтда воқеани текшираётган ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи билан ҳамкорлик қилиб, керакли маълумот беришга тайёрлигини таъкидлади.
«Мен халқ вакили сифатида қандай ҳолат бўлмасин, ҳиссиётга берилмаслигим керак эди. Ҳа, мен катта хато қилдим, катта айб бўйнимда бор ва вазиятни изга солиш учун барча имкониятларимдан фойдаланишга тайёрман», — деб ёзди Абиров.
Шунингдек, жабрланувчининг оиласидан ҳам кечирим сўраб, ёрдам беришга тайёрлигини қўшимча қилди.
«Аргендан, унинг оиласидан, яқинларидан чин юракдан кечирим сўрайман ва ёрдам беришга тайёрман [...] Оналаримиз ҳеч қачон ўксинишмасин. Кечаги воқеа бўлганидан афсусдаман», — дейди у.
14-мартда Бишкек шаҳар милициясидан «Клооп»га депутат Абиров қатнашгани айтилган муштлашувда гумондор қатори икки киши қўлга олинганини билдиришган.
Воқеа бўйича «Бебошлик» моддаси билан қўзғатилган жиноят иши асосида қидирув ишлари олиб борилиб, 35 ва 36 ёшдаги икки киши қўлга олиниб, Бишкек шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилгани маълум қилинган.
Kaktus.Media нашри куч структураси ходимларига таяниб, улар Олий суднинг собиқ раисаси Жанил Алиеванинг ўғли Данияр Аксамаев ва бунгача Бишкек мериясининг муниципал мулк департаменти директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган, Жогорку Кенешга сайловда Абировнинг расмий вакили Эрбол Пазилов эканини ёзган эди.
Воқеанинг тафсилотлари
12-мартда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ кишилар муштлашган видео тарқалган. «Короче» телеграм канали видеодаги номаълум одамни муштлаб, калтаклаган одам халқ вакили Жанибек Абировга ўхшашини ёзган.
Октябрь туман милицияси 12-март тунги соат 03:30 атрофида номаълум одам Элебаев кўчасида жойлашган ресторанларнинг бирида жамоат тартиби ва ахлоқ нормаларини бузиб, фуқарога тан жароҳати етказганини билдирган.
Милициядан мазкур факт маълумот журналига рўйхатга олиниб, терговгача текширув ишлари бошланганини, воқеанинг барча иштирокчилари аниқланганини билдирган. Бироқ видеодаги депутат Абиров ёки у эмаслиги ҳақида маълумот беришмаган.
13-мартда президентнинг матбуот котиби Эрбол Султанбаев Жогорку Кенеш депутати аралашган муштлашув бўйича давлат раҳбари хабардор эканини, у бу ишни ҳар томонлама текширишни топширганини айтган.
Видеодаги одам депутат Жанибек Абиров ёки у эмаслиги ҳақида милициядан маълумот беришмаган. «Клооп» бунга қадар ҳам Абировнинг ўзи билан боғланишга ҳаракат қилган, бироқ натижа бўлмаган.