Депутат Абировнинг иштирок этгани айтилган муштлашув бўйича икки киши қўлга олинди

204
Гумондорлар. Сурат: Бишкек шаҳар ИИБ

Депутат Жанибек Абиров иштирок этгани айтилган муштлашувда гумонланувчи қатори икки киши қўлга олинди. Бу ҳақда 14-мартда «Клооп»га Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси билдирди.

Маълумотга кўра, мазкур воқеа бўйича «Бебошлик» моддаси билан қўзғалган жиноят иши асосида қидирув ишлари олиб борилди.

Натижада 35 ва 36 ёшли икки фуқаро қўлга олиниб, Бишкек шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Kaktus.Media нашри куч структураси ходимларига таяниб, улар Олий суднинг собиқ раисаси Жанил Алиеванинг ўғли Данияр Аксамаев ва бунга қадар Бишкек мериясининг муниципал мулк департаменти директорининг ўринбосари бўлиб ишлаган, Жогорку Кенешга сайловда Абировнинг расмий вакили Эрбол Пазилов эканини билдирди.

Милициядан ҳозирда жиноят иши ҳолатларини тўлиқ аниқлаш ва бошқа алоқадор одамларнинг ҳаракатларига юридик баҳо бериш учун тергов чоралари олиб борилаётганини таъкидлашди.

Видеодаги киши депутат Жанибек Абиров ёки у эмаслиги ҳақида милициядан маълумот беришмади.

«Клооп» аввалроқ ҳам Абировнинг ўзи билан боғланишга ҳаракат қилган, бироқ натижа чиқмаган.

12-мартда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ кишилар муштлашган видео тарқалган. «Короче» телеграм канали видеодаги номаълум одамни муштлаб, калтаклаган одам халқ вакили Жанибек Абировга ўхшашини ёзган.

Октябрь туман милицияси 12-март тунги соат 03:30 атрофида номаълум одам Элебаев кўчасида жойлашган ресторанларнинг бирида жамоат тартиби ва ахлоқ нормаларини бузиб, фуқарога тан жароҳати етказганини билдирган.

13-мартда президент Садир Жапаров Ички ишлар вазирлигига депутат Абировнинг ишини ҳар томонлама текширишни топширган. Унинг айтишича, «бу хулқ-атвор, бу кўриниш давлат ходимининг этика стандартларига тўғри келмайди».