Жалолобод вилоятининг Олабуқа тумани яшовчиси 9-синфдаги қизи 26 ёшдаги ҳамқишлоғи томонидан зўрланганини, милиция ишни суст тергов қилаётганини айтиб чиқди. Бу ҳақда 10 мартда «Turmush» нашри ёзди.
Маълумотга кўра, ўқувчи қиз дарсга кетаётганда зўрланган. Воқеа 2022 йилнинг 2 декабрь куни бўлган.
«Бу воқеагача зўрлаган киши қизим билан WhatsApp орқали танишиб, қизим «блоклаб» қўйса, бошқа телефон билан ёзиб юрган экан. Бир марта учрашибди, иккинчисида қизим дарсга кетаётганда зўрлаган», — деди қизнинг отаси.
Унинг айтишича, гумондор «агар бу ҳақда бировга айтсанг, ўлдириб кетаман» деб қўрқитганидан қизи ҳеч кимга айтмаган. Қизнинг дугонаси гумонланувчининг қариндоши бўлгани сабаб гумондор воқеадан бир ой ўтиб, маст ҳолда дугонасига айтиб қўйган.
У мактабдаги соспедагогга айтиб, ўқитувчи қизнинг ота-онасини чақирган. Шу ерда воқеа очиқланиб, қиз қўрққанидан ҳеч кимга айтмаганини айтган.
«Биз 2023 йилнинг 7 февралида милицияга мурожаат қилдик, онаси қизи зўравонликка учрагани бўйича ариза ёзди», — деди отаси.
11 мартда Жалолобод вилоят милицияси «Клооп»га бу воқеа бўйича маълумот берди. Унда гумондор «Ўн олти ёшга тўлмаган бола билан жинсий ҳаракатлар» моддаси билан иш қўзғалиб, у 9 февраль куни икки ойга қамалгани айтилади.
Қизнинг отаси эса иш «Зўрлаш» моддаси билан қўзғалиши керак деб ҳисоблайди.
«Кўрилаётган иш бўйича материалда, қизим ўша ерга атайлаб учрашиш учун боргандай беришибди. Гумондорнинг таниши туман прокуратурасида ишлайди. Балки, ўша таъсир қилаётгандир деб айлар экансан», — деди отаси.
У қизи айтиб берган маълумот билан милиция кўриб чиқаётган материалдаги маълумотлар бошқа эканини айтиб, «воқеа ўзгартирилаётганини» қўшимча қилди.
7 мартда бир неча ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб, Бишкекда 13-ёшли қиз зўрланган кундан беш ой ўтгандан кейин ўз жонига қасд қилганини билдиришган.
2021 йилнинг ноябрида милиция жабрланувчини сўроқ қилиб, жиноят иши қўзғаб, тегишли экспертизалар тайинлаган. Бироқ гумондорни қамоққа олмай, ишни ёпишган.
2022 йилнинг апрелида жабрланган қиз ўз жонига қасд қилган.
Воқеадан бир йилга яқин вақт ўтгандан кейин 2023 йилнинг 23 январида гумондор қамалган. Кейин суд тиббий эксперт ва Ленин туман ИИБнинг икки терговчиси, ушланиб қамоққа олинган.