Бир иқтибос: Етакчи Шакиев нодавлат ташкилотлар ёшларни нотўғри йўлга бошлаётганини айтди

154

Парламент раиси Нурланбек Шакиев нодавлат ташкилотлар ёшларни нотўғри йўлдан олиб бораётганини ва Қирғизистонда «салбий кўринишлар» кўпайганини билдирди. Бу ҳақда у парламентнинг 9 мартдаги йиғинида сил ва ОИВ касаллиги билан курашишга грант ажратиш масаласини муҳокама қилиш вақтида айтди.


«Ҳурматли депутатлар, Жилдиз Эсенбековнанинг [депутат Садирбаева-таҳр.] айтган сўзларига эътибор беришимиз керак. Бизнинг бир гуруҳ ёшларимизни нодавлат ташкилотлар қайси томонга тортяпти, қайси пуллар билан? Бу бизнинг келажагимизга катта зарба. Бу ерда трансгендерлар ҳақида ҳам сўз бўляпти. Биз аҳамият бермаганимиз билан бундай салбий кўринишлар жуда кўпайяпти, биз [бунга қарши] кескин курашишимиз керак […] Бу катта миллий муаммо, буни оқибати ёмон бўлади», — деди у.


Спикер депутат Жилдиз Садирбаеванинг нодавлат ташкилотларга тушган грант маблағларни назоратга олишни таклиф қилган сўзига шундай реакция қилди.

Садирбаеванинг айтишича, 2024 йили Глобал фонд Қирғизистонга сил ва ОИВ билан курашишга 29 млн доллар грант беради. У олдинги йиллари грантни БМТ ривожлантириш дастури (ПРООН) олиб юрганини, бироқ ўзгача мақоми бўлгани учун пулни қандай бўлиштиргани бўйича ҳисоб бермаганини айтди. Шундан сўнг мана шундай грантларнинг бири бўйича ПРООНнинг ҳаражатлари ҳақидаги мақолани кўрсатди.

Шунингдек, Садирбаева ҳамкасбларига мурожаат қилиб, давлат манфаати учун ОИВ ва сил билан курашиш бўйича комиссияни бекор қилиб, яна янги комиссия тузишни таклиф қилди. Унинг айтишича, комиссия таркибида халқаро ва нодавлат ташкилотларнинг вакиллари кўп, улар «кўпчилик овоз билан устуворлик қилиб» келишади ва ўз манфаатлари бор.