Сиз аёллар ўлдирилганда сукут қиласиз, аммо 8-мартда уйғониб, маршга чиққанларни қарғай бошлайсиз

197

Ёзувчи Алтин Капалова Фейсбукка пост жойлаб, 8-мартдаги маршни танқид қилганларга, шу куни қирғиз қизлари нима учун маршга чиқишини эслатди.

Капалованинг айтишича, унинг публикацияларига пиёда юриш уюштирганлар ва унга қатнашганлар ғарбнинг агентлари деб изоҳ ёзганлар учрайди.

«Сўнгги йилларда бўлган ўлимларни айтишга юрагим чидамайди. Бироқ бугун яна бир марта нима учун 8-мартда Бишкекнинг кўчаларида пиёда юришга чиқаётганимизни тушунтиргим келяпти. Биз норозилик билдириб чиқамиз. Биз давлатдан хавфсизликни талаб қиламиз. Биз айбдорлар жазоланишини талаб қиламиз. Сўз эркинлигини, тана-бўй эркинлигини, эмоционал эркинлик талаб қиламиз, ҳуқуқларимиз ҳимояланишини талаб қиламиз. Менинг постларимнинг остига ғарбдан молияланган агентлар деб изоҳ ёзаверинглар, етарли. Аёлларни ўлдираётганда ҳеч нима демайсизлару, 8-мартда уйғониб юриш иштирокчилари билан ташкилотчиларини қарғайсизлар», — деб ёзди у.

Шунингдек, Капалова венециялик рассом Мерилиз Виньо марҳум Айзада Канатбекованинг хотирасига бағишланган портретини ҳам бўлишди.

«Айзада Канатбекова катта бўлган, мен улғайган Балиқчи шаҳридаги соҳилдаги ёлғиз дарахтда пальто илиниб турибди. Биз бу ерга табиатдан баҳра олиб, шамолга юзимизни тўсиб, бир-биримиз билан суҳбатлашиб ўтириш учун дарсдан қочиб чиқардик. Айзаданинг воқеаси менга бошқача таъсир қилди. Балки, бизнинг орзуларимиз ўхшаш бўлгани учундир. Сабаби у ҳам, мен ҳам ўртадаги 10 ёш фарқ билан, 18 ёшимизда билим ва иш излаб, шамолли Балиқчидан кетганмиз. Бироқ Айзадани 27 ёшида ортидан кузатган зўравонлар зўрлаб ўлдирди. Воқеа икки йил олдин бўлган. У ўғирланганда милиция уни етарлича изламаган. Улар қизнинг онасига тўйга тайёрланинглар дебди… Бу киши ўлимни олдини олса бўларди. Бироқ милиционерлар ҳаракат қилмаган», — деб ёзди ёзувчи.

Капалова Қирғизистондаги бир неча аёлнинг ўлими шов-шувли ўлим эканини ёдга солди.

«Бугун маршда 20 кун олдин ўз уйида онаси билан укасига қўшиб МХДҚ ходими ўлдириб юборган Сайкал ҳам юрса бўларди. Сайкал орзулари осмон, ҳаракатчан рассом қиз эди. Бироқ бизда унинг ўқувчиликдаги ишлари билан қайғудан бошқа ҳеч нарса қолмади.

Мамлакатда йилимиз доим аёлларни, қизларни ваҳшийларча ўлдирилишидан бошланади. Баткенда эри қийнаб, калтаклаганда вафот этган аёлнинг танасида соғ жойи қолмабди. Жинсий аъзоси қайноқ сувдан куйган, эри анча вақт қийнаган. Ниҳоят умрбод эридан калтак еган аёл, 31-декабрда навбатдаги калтакдан кейин диванга қулаб, шу бўйича уйғонмаган», — деди Капалова.

Аёлларнинг ҳуқуқлари учун марш

8-мартда Бишкекда аёллар ҳуқуқи учун кураш халқаро куни муносабати билан урфга айланган пиёда юриш бўлди. 2023-йили маршнинг мавзуси — аёлларни эркинликка етиши учун бирдамлик ва сўз эркинлиги учун кураш.

500га яқин иштирокчи қизлар ва болалар Спорт мажмуасидан Инқилоб қаҳрамонлари ҳайкалигача шаҳар оралаб юришди.

Пиёда юриш иштирокчилари ҳукуматга бағишланган қирғиз ва рус тилидаги мурожаатларни ўқишди. Унда Қирғизистон Марказий Осиёда аёллар учун энг хавфли давлат экани, судлар адолатсиз ишлаётгани ва зўравонлар жазосиз қолаётгани айтилади. Бундан ташқари, эркаклар билан аёлларнинг маоши орасида 25% фарқ борлиги таъкидланди.

Талаблар орасида зўравонликни тўхтатиш бўйича миллий ҳаракатлар режасини киритиш, ҳар бир туманда давлат томонидан молияланган кризис марказларини очиш, оилавий зўравонлик учун, агар аёлнинг соғлигига озроқ зарар етган бўлса ҳам жиноий жавобгарликка тортиш, сўз эркинлигига, йиғилишларни ўтказишга қўйилган чекловларни бекор қилиш, ташкилотларга таҳдидларни тўхтатиш ва фаол қизлар билан журналистларга босим ўтказишни тўхтатиш талаблари қўйилди.