Биринчи май туман суди чет эллик фуқарони қўрқитиб, масхара қилган пранкерни «Майда безорилик» моддаси бўйича айбдор деб топди. Бу ҳақда 2 мартда «Клооп»га туман судининг матбуот хизматидан билдиришди.
Маълумотга кўра, суд уни 5000 сом жаримага тортган.
Чет эллик фуқарони қўрқитиб, ҳазил қилган видеони ижтимоий тармоққа пранкернинг ўзи юклаган. Видеода воқеа Бишкек шаҳридаги ЦУМ савдо марказининг ёнидаги ер ости йўлида бўлганини кўриш мумкин.
Йигит чет эллик фуқаронинг «Милицияни чақираман. Яқинлашма» деган сўзларига қарамай унга ҳазил қилишда давом этган. Ижтимоий тармоқнинг айрим фойдаланувчилари йигитнинг видеосини провокация сифатида баҳолаб, уни жавобгарликка тортишни талаб қилишган.
Милиция блогерни қўлга олиб, тергов бўлимига етказган. Кейинчалик пранкер халқдан ва чет эллик фуқародан кечирим сўраган.
Ижтимоий тармоқларда жиддий мавзуда пранк видео олиб, эълон қилганлар олдин ҳам бўлган. Ўтган йили Ўш шаҳридаги маҳаллий блогер дўстлари билан қиз ўғирлаб, кейин пранк эканини айтган. Милиция блогерга тегишли чора кўришга ваъда берган.
Кейинчалик милиция формасини кийиб олиб, йўлда машиналарни тўхтатиб, ҳайдовчиларни масхаралаган икки бола ҳам милицияга тушунтириш хати ёзишган.
Блогер ва реклама берувчилар кўп ҳолларда ўзларининг видеолари билан салбий кўринишларни ёки реал жиноятни одатий нарса қатори кўрсатишга ҳаракат қилишади.
Кейин рекламанинг муаллифлари ҳам, рекламага буюртма берганлар ҳам бу шунчаки юмор деб ўзларини оқлашади, бироқ бундай томоша орқали жиноятни қонуний қилишаётганини тушунишмайди. Поп-маданият, реклама, ҳазиллар орқали жамиятда салбий кўз қарашларни шакллантиришади.