Factcheck: Қирғиз ҳукумати Швейцарияга яна яширинча олтин сотди

190
Доре қуймаси — «Қумтор» олтин конида тайёрланган маҳсулот. Сурат: «Азаттык».

Қирғиз ҳукумати Швейцарияга катта миқдорда олтин сотилганини яна яширмоқда. Миллий статистика қўмитаси февраль ойидаги ҳисоботида Қирғизистон 2022-йили уч давлатга 2 905 кг олтин экспорт қилгани кўрсатилган. Қимматбаҳо металнинг кўпи Хитойга (Гонконг) — 2 020 кг, Туркияга — 834 кг ва Бирлашган Араб Амирлигига — 49 кг сотилгани айтилади.

Бироқ Factcheck.kg нашрининг журналистлари савдо статистикасининг халқаро маълумот базасидан ва Швейцариянинг божхона хизматидан умуман бошқа маълумотларни топишган.

«Trade Map’нинг маълумотига кўра, Қирғизистондан экспорт қилинган олтиннинг умумий миқдори 2 269 килограмни ташкил қилди, бу статистика қўмитасида кўрсатилгандан 1,2 марта оз. Қирғизистон олтинини катта миқдорда сотиб олган давлат — Швейцария. У ерга 1513 кг қимматбаҳо металл экспорт қилинган. Шунингдек, олтин сотиб олган давлатлар орасида Туркия (385 кг), Таиланд (38 кг) ва Хитой (333,5 кг) бор. Хитойга етказилган олтиннинг миқдорида ҳам фарқ бор. Статистика қўмитасида 2 020 кг деб кўрсатилса, Trade Map’да 333 кг деб кўрсатилган», — деб ёзди нашр.

Швейцарияга сотилган олтин

Trade Map’нинг маълумотига кўра, 2022-йили Қирғизистон Швейцарияга 1 513 кг қимматбаҳо металл экспорт қилган.

Trade Map сайтидан скриншот

Бу маълумотни Швейцариянинг Федерал божхона ва чегара хавфсизлиги, ташқи савдо бошқармасининг маълумот базаси ҳам тасдиқлайди.

Швейцариянинг Федерал божхона ва чегара хавфсизлиги, ташқи савдо бошқармаси сайтидан скриншот.

Қирғизистонда «номаълум давлатга» сотилиб кетган олтин бўйича можаро аввал ҳам бўлган. Миллий статком 19 тоннадан ортиқ олтинни сотиб олган томон ҳақидаги маълумотни яширган. Президент Садир Жапаров маълумот махфий эканини «хавфсизлик мақсадида» деб тушунтирган.

Миллий банкдан олтин «Европа давлатларидан бирига» сотилганини тасдиқлаб, 2021-йили нақд доллар керак бўлиб, бунинг учун халқаро заҳирадаги олтинни сотиш қарори қабул қилинган деб таъкидлашди.

Бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва журналистлар олтин сотилган давлат Швейцария эканини аниқлашган. Парламентдаги бир қатор депутатлар олтин сотилишини ва ўлканинг асосий олтин чиқарувчи ишхонаси «Қумтор»нинг ишини текшириш учун махсус комиссия тузишни талаб қилишган. Кейинчалик комиссия тузилиб, депутатлар конга бориб, олтин чиқарилган фабрикада бўлиб қайтишган.

Садир Жапаров депутатлар комиссияси ҳақида изоҳ бериб, «Қирғизистон тарихида йиғилмаган миқдордаги олтин бугунги кунда йиғилиб, Миллий банкда сақланмоқда» деб билдирган.

28-февралда миллий банкнинг расмий вакили Аида Карабаева банкда 46,7 тонна олтин борлигини айтган.