Ҳукумат энг яхши ўқитувчиларга давлат мукофотлари, пул ва уйларни беради. Бу ҳақда таълим вазири вазифасини бажарувчи Канибек Иманалиев вазирлар маҳкамасининг раиси билан бўлган учрашувда билдирди. Учрашувда амалдор ўз ишининг муҳим йўналишлари ҳақида айтиб берди.
У президент ташаббуси билан ўқитувчиларга ўлкадаги энг юқори давлат мукофоти — «Қирғиз Халқ Қаҳрамони» («Кыргыз Эл Баатыры») унвони берилишини таъкидлади.
Шунингдек, «Йилнинг энг яхши ўқитувчиси» танловининг ғолибига уй, асосий фанлар бўйича беш яхши ўқитувчига 1 млн сомдан берилади. У бир йил давомида Қирғизистонни айланиб, кўрсатма дарсларини ўтади. Бундан ташқари, Иманалиев 3-5 йилда мингдан ортиқ ўқитувчи уй билан таъминланиши учун махсус лойиҳа ишлаб чиқиш режалаштирилаётганини айтди.
Таълим вазири вазифасини бажарувчи дунёнинг олий ўқув юртларида ўқиб, машҳур компанияларда ишлаган қирғизистонликларга ҳам махсус мукофотлар беришни таклиф қилди.
Шунингдек, у камбағал оилалардан чиққан иқтидорли болалар учун Чолпон-Ота шаҳрида мактаб-гимназия қурилишини билдирди. Иманалиев президент билан учрашувда гимназия президентга қарашли бўлишини ва унда 220 бола билим олишини айтган.
Вазир вазифасини бажарувчи президент томонидан кўрсатилаётган ёрдам билим олишга бўлган катта ишонч, қатъий қадам эканини қўшимча қилди.
Канибек Иманалиев — публицист, Жогорку Кенешнинг тўрт чақириғида депутат бўлган. Президент Садир Жапаров 24-февралда уни таълим вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган.
Иманалиев давлат раҳбари билан учрашувда таълим тизими ислоҳотларга муҳтож эканини, яқин орада таълим сифатини оширишга йўналтирилган концепцияси билан таништиришини билдирган.