«Қумтор»нинг ташқи бошқарувчиси, ҳозирда қамоқда ўтирган Тенгиз Болтурук компаниядаги коррупцияни бартараф эта олмагани учун президент Садир Жапаровдан кечирим сўради ва раҳм қилишини илтимос қилди. Мактубни 27-февралда унинг адвокати Кайсин Абакиров фейсбукдаги саҳифасида эълон қилган.
Болтурук президентнинг «қўйган мажбуиятларини, жавобгарликларни тўлик бажара олмаганини» айтган ва «коррупцион схемаларга алоқадор эмаслигини» таъкидлаган.
«Ҳафтасига 75-80 соат ишласам ҳам, барибир “Қумтор” ҳамда Миллий холдингнинг ишларини тўлиқ [бажаришга], касбдошларни назорат қилишга ёлғиз улгурмадим. “Қумтор"даги 20 йилдан ортиқ чуқур ва пухта уюштирилган еоррупция схемаларини бартараф этишга ёлғиз кучим етмади. Мен учун бу ҳаётий улкан сабоқ бўлди. Бироқ мен, сизга сўз бергандай, шу схемаларга аралашмаганман ҳамда пора олмаганман», — деди у.
«Ҳозир фақат сиз менинг адолатга ҳамда раҳмдилликка бўлган умидим ва ишончимсиз. Агар сиз ҳали ҳам менга ишонсангиз, мен сизга ишончли тарзда содиқлик билан ёрдам беришга тайёрман. Ҳукуматда кимгадир тўсқинлик қилаётган бўлсам, тинчгина Канадага кетишга тайёрман. Энди ҳаммаси Худонинг ва сизнинг қўлингизда», - деди Болтурук.
«Қумтор» раҳбариятининг қўлга олиниши
Тенгиз Болтурук «Қумтор Голд Компани»га 2021-йилнинг 17-майидан бошлаб раҳбарлик қилган — шу куни ҳукумат конга ташқи бошқарувни жорий қилган.
24-августда вазирлар маҳкамаси Болтурук «Кумтор»нинг ташқи бошқарувчилигидан четлатилганини хабар қилган. Бу Ҳисоблаш палатаси коннинг ишида молиявий хатоларни аниқлагандан кейин бўлган.
Ўтган йилнинг 13-сентябрида Бош прокуратура Қумтор конини ишлатувчи «Кумтор Голд Компани»ни ишини текшириш натижасида уч жиноий иш қўзғалганини хабар қилган. Компания давлатга 1 млрд долларга яқин зарар келтиргани айтилган.
Ўша куни кечқурун Бош прокуратуранинг Тергов бошқармаси Тенгиз Болтурук ва раҳбариятнинг икки вакилини ҳибсга олган. Болтурук ТИЗОнинг тергов изоляторига жойлаштирилган, суднинг сўнгги қарорига кўра, у 10 мартга қадар ҳибсда сақланади.
Болтурук ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини «абсурд» деб атаган ва барча қўл остидагилар учун жавоб бера олмаслигини билдирган.