Ўш: Қорасувда такси ҳайдовчисини ўлдиришда гумонланганлар қидирилмоқда

218

Ўш вилоятининг Қорасув туманида такси ҳайдовчисини ўлдирганликда гумонланганлар қидирилмоқда. Бу ҳақда 27-февралда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, 25-февралда соат 21:20да туманнинг Фурқат қишлоғида 35-40 ёшли эркак кишининг жасади ётгани ҳақида милицияга хабар келиб тушган. Тезкор тергов гуруҳи воқеа жойига етиб борган ва  «Қотиллик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки суриштирувда Медресе қишлоғининг 37 ёшдаги фуқароси марҳум унинг уйига оғир тан жароҳат олиб келиб қолганини айтиб берган. Унинг машинаси эса Ўш шаҳрининг Уркуя Салиева кўчасидан топилган.

«Турмуш» нашрининг хабар беришича, марҳум Каракулжа тумани Чалма қишлоғида дафн этилган. Унинг дўсти нашрга айрим ҳолатлар ҳақида фикр билдирган.

«Дўстимнинг  беш жойига пичоқ урилгандан сўнг ирғитиб, машинани олиб кетишибди. Сўнгра ўзи юриб бировнинг эшиги олдига бориб қолибди. Дўстим уйланмаган эди», — деди у.

Ҳозирда тегишли экспертизалар тайинланган ва гумондорлар қидирилмоқда.

Сўнгги ойларда Ўшда қотиллик, калтаклаш, товламачилик, қурол ишлатиш каби жиноий ҳолатлар кўп қайд этила бошлагани кузатилмоқда. Улардан энг шов-шувлиси 13-январда Ўшда жиноий гуруҳ аъзосининг ўлдирилиши бўлди. Воқеа Қурманжон Датка кўчасида жойлашган банк яқинида қайд этилган. Бир неча киши 30 ёшли шахсга ҳужум қилган ва у вафот этган.

Уни ўлдиришда ва шеригини калтаклашда гумонланиб «Женго» лақаби билан танилган Кадир Досонов қўлга олиниб, ТИЗО-1га икки ойга қамоққа олинган. Бундан ташқари, милиция унинг жиноий гуруҳининг бир нечта аъзоларини гумондор сифатида қўлга олган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши очилиб, суриштирув ишлари олиб борилган.