Давлат яқин орада мактаб ва болалар боғчаларини қуришни тўхтатади — Садир Жапаров

180

Садир Жапаров тез орада давлат дастлаб Бишкекда,  сўнгра эса ҳудудларда мактаб ҳамда болалар боғчасини қуришни тўхтатишини билдирди. Бу ҳақда президент таълим вазири Канибек Иманалиев билан бўлган учрашувида айтди.

Давлат раҳбарининг айтишича, ҳозирда пойтахтда 12 боғча ҳамда бир мактаб қурилмоқда. Жапаров улар қурилиб бўлгандан сўнг, мактаб биноларини пойтахтда ҳусусий тадбиркорлар қуришини билдирди.

«Қуриш керак бўлган мактаб ёки боғчани ҳусусий тадбиркорларга берамиз. Мана шундайларга ерини текинга берамиз, коммуникациясини киргизиб берамиз, шунда уларнинг ўзлари ҳусусий мактаб ёки боғча қилиб ишлатсин. Регионларга ҳам биз шундай имконият берамиз», — деди президент.

Шунингдек, президент икки-уч йил ичида ҳудудларга бюджет ҳисобидан авария ҳолатидаги мактабларнинг ўрнига  янгиларини қурилишини билдирди.

«Уларни янгилагандан сўнг яна қишлоқларга мактаб қурмаймиз, агарда  ўзимиз қурамиз дейдиганлар бўлса, унда уларга тўлиқ шарт-шароит қилиб берамиз […] Фақат давлат қуриб кейин яна фақат давлат томонидан молиялаштирилмаслиги керак, ҳусусий  тадбиркорларгаям ҳуқуқ бериш керак», —деди Жапаров.

Қирғизистонда мактабларида катта муаммо бор. Биринчидан, улар ортиқча тўлган — ўқувчилар бир партада учтадан ўтиришигатўғри келади. Иккинчидан, ҳатто мавжуд бўлган мактаб бинолари ҳам авария ҳолатида.

2019-йили ҳукуматнинг ишчи гуруҳи ўлкадаги ҳар ўнинчи мактабдан бири авария ҳолатида эканини билдирган. Ишчи гуруҳнинг ҳисоботига кўра, биноларни сурдириш керак, сабаби ўқувчиларни ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдиради, ўрнига эса янги бинолар қурилиши керак.