Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров билан МХДҚ раиси Камчибек Ташиев собиқ давлат раҳбарлари билан ўлканинг амалдаги президентини учрашувига фикр билдирди. иккиси ҳам бу учрашувни бирдамликни бошланиши ёки шу томонга ташланган қадам деб ҳисоблашади.
Жапаров AKIpress учун колонкасида учрашувни тақдирни ҳал қилувчи ва тарихий саммит деб атади. Унинг фикрича, Қирғизистонда сўнгги икки йилда уч рамзий воқеа бўлди.
«Агар Қумтўр — бу иқтисодий неоколониализмдан озод бўлишнинг рамзи, Кампиробод — ўлканинг хавфсизлигини мустаҳкамлашда ҳал қилув қадам, Дубайдаги саммит — жамиятдаги кечиришнинг бошланиши», — деб ёзди у. Ташиевнинг изоҳини «Вечерний Бишкек» нашри тарқатди.
Унинг фикрича, президент учрашувни «бирор бир пиар ёки зудлик билан эффект бериши учун» ўтказмаган ва унинг «бу донишмандлиги, кенг феъллиги вақт ўтиши билан тўғри баҳоланади».
«Умуман олганда бу мавзу билан провокация қилиш – нотўғри. Президентнинг мақсади – ҳақиқий донишмандлик, кенг феъллик. У ўз халқининг ўғли, халққа хизмат қилади, қандай қадам ташламасин – ўлкамизнинг манфаатини биринчи ўринга қўяди. Кимда-ким шов-шув кўтаришни, тўнтариш қилишни кўзлаётган бўлса, бунга ҳаракат қилмаганингиз яхши», — деди МХДҚ бошчиси.
Дубайдаги учрашув
Президент Садир Жапаров 18 февралда Дубайда Қирғизистоннинг собиқ ва қочқин президентларини йиғган. Учрашувга қочқин президентлар Аскар Акаев билан Курманбек Бакиев, собиқ президентлар Роза Отунбаева ва Сооронбай Жээнбеков, ҳамда собиқ президент Алмазбек Атамбаев қатнашган.
Жапаров ўзи сиёсатчиларни Қирғизистонни «бирдамлигини мустаҳкамлаш учун» тўплаганини айтган. Унинг айтишича, бирини ортидан бири келган собиқ давлат раҳбарлари аччиқ гапларни айтиб, юракдаги дардларини тўкиб, асосийси — бири-бирини кечиришган.
Амалдаги ва собиқ президентларнинг учрашуви ўлкада қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бакиевни Қирғизистонга олиб келиш учун ҳаракатлар бошланди деган тахминлар айтилди. Шу сабаб Алмазбек Атамбаевнинг «ўлкада тинчлик ва бирдамликни ўрнатиш ва Бакиевларни Қирғизистонга қайтиб келиши» — икки бошқа нарса, уларни аралаштириш «умуман бошқа натижа беради» деган сўзи бу теорияларни янада мустаҳкамлаган.
20 февралда Turmush нашри 2010 йили апрель революциясида ҳалок бўлганларнинг ота-оналарини ва шу воқеанинг фахрийларининг мурожаатини эълон қилди. Улар мурожаатда Бакиевни қайтишига қарши эканликларини, агар келадиган бўлса, тартибсизликлар чиқади деб билдиришган.
Учрашувни айрим депутатлар ҳам танқид қилишди. Халқ вакили Дастан Бекешев Бакиевни қайтиб келиши ҳақида аввал қурбон бўлганларнинг оиласи фикр билдириши керак деб, «Бакиевни реабилитация қилиш 2020 йиллари бошланганини» айтди. Ҳамкасби Адахан Мадумаров агар собиқ президентларнинг эркинлиги ва ҳаётига кафолат бериладиган бўлса, унда улар Қирғизистонда учрашишса бўларди деб таъкидлади.
Садир Жапаров ўзи собиқ давлат раҳбарлари билан Дубайдаги учрашуви тахтдан қулатилган Курманбек Бакиевни Қирғизистонга олиб келиш ниятида эмаслигини билдирган. У Бакиев бўйича суднинг қарори борлигини, агар келадиган бўлса, жавобгарликка тортилишини қўшимча қилган.