Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёрдам кўрсатиш учун 63 нафар қутқарувчидан иборат гуруҳни Туркияга жўнатади. Бу ҳақда «Азаттиқ» вазирликнинг матбуот хизмати раҳбари Алим Токторовга таяниб ёзди.
«Қутқарув гуруҳида психологлар ва шифокорлар бор. Туркияга кетиши керак бўлган ходимлар Ўшдан ҳам келади. Агар вақтимиз бўлса, улар бугун, бўлмаса, эртага [7 февраль] учиб кетишади. Қутқарувчилар махсус борт билан озиқ-овқат, чодир, ускуналарни бирга олиб боришади», — деб билдирди муассасанинг матбуот котиби.
Туркияда 6 февраль куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 04:17да 7,4 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри мамлакат жануби-шарқидаги Газиантеп шаҳридан 26 км узоқликда, Сурия билан чегара яқинида жойлашган.
Туркиянинг Anadolu нашри мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таяниб, зилзила оқибатида камида 912 киши ҳалок бўлган, 5385 киши жароҳатланганини ёзмоқда. Эрдўғоннинг сўзларига кўра, ҳозирги зилзила Туркия тарихидаги 1939 йилдаги Эрзинжон зилзиласидан кейин содир бўлган ва 32 мингдан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган энг йирик офат бўлди. Унинг таъкидлашича, вафот этганларнинг сони яна аниқланмоқда.
Суриянинг Sana агентлигининг ёзишича, мамлакатда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 371 кишини ташкил этган, яна 1089 киши жароҳат олган.
ОАВ янги зилзиладан кейин давом этаётган силкинишлар Туркия ва Суриядан ташқари, Батуми (Грузия), Бағдод (Ироқ), шунингдек, Исроил, Абхазия ва Кипрда ҳам сезилаётганини ёзмоқда.