Фаол Адилет Балтабай тартибсизликларга чақиргани учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

211

12-январда Бишкек шаҳар суди жамоатчи фаол Адилет Балтабайни (Адилет Али Миктибек) беш йилга озодликдан маҳрум қилиб, сул залидан қамоққа олди. Бу маълумотни «Клооп»га шаҳар судининг матбуот хизмати тасдиқлади. 

Маълуомтга кўра, шаҳар суди фаолнинг иши бўйича Биринчи май туман суди чиқарган қарорни ўзгартириш — уч йилга пробация назоратига олиш қисми бекор қилиниб, беш йилга озодликдан маҳрум қилиш қисми кучида қолди.

Фаол эса суд залидан мурожаат йўллаб, пробациянинг шартини бузмаганини ва уни адолатсиз ҳибсга олишаётганини айтди.

«Кеча Кампиродни ҳимоя қилувчиларнинг тарафдорлари акцияга чиққан эди. Кузатувчи бўлиб борсам, у ердан ҳам адолатсиз шаклда ушлаб кетишди [...] Адолатсиз қамалдим деб ҳисоблайман. Нима бўлмасин, охири ҳақиқат ғалаба қозонади», — деди у.

Фаолнинг адвокати Такен Молдокулов эса «Азаттык»қа шаҳар судининг қарори бўйича Олий судга даъво шикояти беришни кўзлаётганини айтди.

Адилет Балтабайнинг иши

Балтабай жорий йилнинг 30-июнида «Оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича қўзғалган жиноят иши доирасида қўлга олиниб, Бишкек шаҳар ИИБнинг вақтинча сақлаш жойига киргизилган.

Next TV телеканалининг эгаси Равшан Жээнбеков «Клооп»га Адилет Балтабай охирги вақтда каналнинг мухбири бўлиб ишлаётганини айтган. У ҳам фаол Балтабаевнинг Фейсбукдаги постлари сўроққа чақиришга сабаб бўлди деган фикрини айтган.

Фаол ўзи Фейсбукдаги баёнотларининг орасидан 20-30 пост танлаб олиниб, экспертиза уларда оммавий тартибсизликларга чақириқ бор деган хулоса чиқарганини айтган. У ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини, ўзига нисбатан қўзғалган ишни сўз эркинлигига босим қатори баҳолашини таъкидлаган эди.

11-ноябрда суд Балтабайни айбдор деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилган. Шу билан бирга суд уч йиллик пробация назорати билан уни суд залидан бўшатган.