ССВ: Сурановани касалхонага ётқизиш қарорини ЖИХ ўзи ҳам чиқара олади

131

Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган фаол Перизат Суранованинг касалхонага ётқизилиши Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатини талаб қилмайди. Бу ҳақда муассасанинг матбуот-марказига таяниб 24.kg нашри ёзди. 

Аввалроқ фаолга «бачадон миомаси», «шиллиқ ости тугунлари»,«аёл аъзоларида икки томонлама гидросальпинум» ташхиси қўйилгани ва шошилинч операция қилиниши зарурлиги хабар қилинганди. Жазони ижро этиш хизмати (ЖИХ) ҳам Сурановани касалхонага ётқизиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсати зарурлигини билдиришган.

“Жазони ижро этиш хизмати билан қўшма буйруғимиз бор. Унга кўра, агар муассасада режали даволанишга муҳтож шахс бўлса, ЖИХ вазирликка хат ёзади ва бемор шифохонага ётқизилади. Агар беморнинг аҳволи оғир бўлиб, шошилинч тиббий аралашув зарур бўлса, улар тез ёрдам чақириб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳеч қандай мурожаат қилмасдан дарҳол касалхонага ётқизадилар. Перизат Сурановага эса ЖИХ шифокорлари жавобгар. Улар ҳам биз каби мутахассислар. Уларнинг ўзлари маҳкумга режадагидек муомала қилиш мумкинми ёки шошилинч операцияга муҳтожми, деган хулосага келишлари ва шундан келиб чиқиб, беморни қаерга жойлаштиришни ҳал қилишлари керак», - дейди Гуласил Сутуева, Тиббий ёрдамни ташкил этиш ва дори сиёсати бошқармасининг бош мутахассиси. Бу ҳақда 24.kg нашрига Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Материал эълон қилиниш вақтида «Клооп» ЖИХдан комментарий олиш имконига эга бўлмади. 

Аввалроқ фаол Перизат Суранова 20 декабрь куни мустақил шифокор Бермет Бариқтабасова борганида соғлиғидан шикоят қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, фаол тўшакдан турмаган, қаттиқ оғриган ва уч киши унга ҳожатхонага киришга ёрдам берган. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Суранова уйқусизлик, қаттиқ бош оғриғи ҳамда кўриш қобилияти ночорлигидан азият чекмоқда. Кейин фаол сиёсий очлик эълон қилган, аммо 28 декабрь куни у очликни тўхтатгани маълум бўлган.

Кампиробод иши

Октябрнинг охирида ҳуқуқ-тартибот идоралари Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилиб, уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузган 30 га яқин сиёсатчи ва фаолни ҳибсга олган.

Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, ҳибсга олинганлар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш»да гумон қилинмоқда. Ҳибсга олинганларнинг барчаси ўзларининг айбсиз эканликларини ва уларга нисбатан очилган ишлар «тўқима» эканини даъво қилмоқда. Уларнинг фикрича, улар Кампиробод бўйича ўз позицияларини очиқ айтганлари учун жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

Суд ҳибсга олинган фаоллар ва сиёсатчиларни икки ойга ҳибсга олган, декабрда эса эҳтиёт чорасини яна икки ойга узайтирган. Бунга жавобан ҳибсга олинганларнинг ўндан ортиғи сиёсий очлик эълон қилган. Ўндан ортиқ маҳбус бунга қарши норозилик билдириб, сиёсий очлик эълон қилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу ишда гумон қилинаётган шахслар ҳақида ТИЗОга хабар беришиб, уларнинг айримларининг тақдиридан хавотир билдирдилар. Очлик эълон қилганлардан 3 нафари соғлиғи сабабли очликни тўхтатган.

ЖИХ Кампиробод иши бўйича очлик эълон қилган барча судланувчилар шифокорлар назоратида ва уларнинг аҳволи «қониқарли» эканига ишонтирмоқда.

Бир қатор депутатлар йигирмадан ортиқ сиёсатчи ва фаолнинг ҳибсга олинишини қоралаган, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса расмийларни барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.