Кампиробод иши бўйича 17 айбланувчидан 16 нафари эълон қилган очлик акциясини тўхтатди. Қийноқларнинг олдини олиш миллий марказига кўра, очлик акциясини фақат фаол Марат Баязовгина давом эттирмоқда.
Очликни тугатган мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жээнбеков «мақсадларига эриша олмаганликлари», аммо улар эркин ва демократик Қирғизистон учун курашда давом этишларини ёзган.
«Кампиробод мамлакатда ким кимлигини тезда кўрсатиб қўйди. Тарих ҳамма нарсани ўз ўрнига қўяди», деб ёзган мухолифатчи.
Кампиробод иши бўйича айбланувчилар роппа-роса 15 кун очликни давом эттиришган. Улар туман судининг тергов изоляторидаги эҳтиёт чорасини 20 февралгача узайтириш ҳақидаги қароридан сўнг норозилик акциясини эълон қилишган.
26-27 декабрь кунлари Бишкек шаҳар суди адвокатларнинг ўз ҳимоячилари сиёсий очлик эълон қилгани сабабли соғлиғи билан боғлиқ муаммолар борлиги ҳақидаги важларига қарамай, қарорни ўз кучида қолдирган. Ҳибсга олинганларнинг адвокатлари суддан ҳимоядагиларни уй қамоғига чиқариш ёки фаол Перизат Суранова ва собиқ депутат Орозайим Нарматовани касалхонага ётқизишга рухсат беришни сўраган.
Суд мажлисида очлик эълон қилган Нарматова ҳушини йўқотиб, бошини темирга уриб олган. Уни суддан тез ёрдам машинаси олиб кетган, бироқ кейинроқ адвокат Нарматова касалхонага ётқизилмаганини, балки тергов изоляторига қайтарилганини айтган. Унга аввал юрак ва ошқозон билан боғлиқ муаммолар ташхиси қўйилган эди.
Бундан ташқари, бошқа намойишчиларда соғлиғининг ёмонлашиши, оғир вазн йўқотиши ва умумий заифлик қайд этилган. Суранова бир неча бор фуқаролик шифохонасига ўтказишни илтимос қилган.
Кампиробод иши
Октябрь ойи охирида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишини танқид қилиб, уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузган 30 нафарга яқин сиёсатчи ва фаолни ҳибсга олган.
Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги қўлга олинганлар «оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш»да гумон қилинаётганини маълум қилган. Улар, ўз навбатида, айбни тан олмай, босим ҳақида айтишган, шунингдек, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошланганини даъво қиладилар.