22 декабрь куни собиқ бош вазир Феликс Қулов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган аёлларни очликни тўхтатишга чақирди. Қулов «улар келажакдаги суд ишларида ўзларини яхши ҳис қилишлари керак», деб билдирди.
У қамоқхонада очлик эълон қилаётган аёлларнинг соғлиғидан хавотирланаётганини айтади.
«Психологик жиҳатдан қийин вазиятда бундай очлик саломатликка жуда салбий таъсир қилади. Буни ўзим ҳам биламан, 2000 йилда ҳибсга олинганимда 19 кун очлик эълон қилганман. Уларнинг иши бўйича суд жараёни очиқ ўтиши керак ва бу нафақат биз, балки жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилиши шубҳасиз», — деди Қулов.
Унинг айтишича, суд ишлари «узоқ вақт олиши мумкин». Қамоқда ётган аёллар эса «жисмоний ва руҳий жиҳатдан соғлом бўлиши керак», чунки уларни «жуда оғир процессуал жанглар кутиб турибди».
«Очлик эълон қилган аёллар, менимча, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта жасорат кўрсатдилар. Улар ҳам бузилмаслигини исботладилар. Жамоатчилик фикри бутунлай улар тарафида. «Энди суд жараёнига тайёргарлик кўриш муҳим, шунинг учун мен уларни очликни тўхтатишга ва таналарининг ҳолатини қайтариб бўлмайдиган ҳолатга келтирмасликка чақираман», деб таъкидлади у.
Сиёсий очлик
Октябрнинг охирида Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга берилишини танқид қилгани учун 30 нафарга яқин фаол ва сиёсатчи қўлга олинган. Уларнинг олти нафари — аёллар. Ҳибсга олинганларга «Оммавий тартибсизликларни уюштиришга ҳаракат қилган» деган айб қўйилмоқда, улар айбловларни инкор қилиб, Кампиробод бўйича позициясини очиқ айтиб чиққани сабаб жиноий таъқиб бўлмоқда деб ҳисоблашади.
12-14 декабрда эса шаҳар суди қўлга олинганларни 20-февралгача қамоқда қолдирган. Кейинчалик Кампиробод иши бўйича қўлга олинган 19 киши суднинг қароридан норози бўлиб, очлик эълон қилганини хабар қилган.
Қамоқда ётганлар «Оммавий тартибсизликларни уюштириш» ишини тўхтатиб, уларни озод қилишни талаб қилишган. Улар бу ишни «ўйлаб топилган» деб баҳолашади.
Шунингдек норозилар очлик оқибатлари учун масъулиятни шахсан президент Садир Жапаровга ва МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиевга юклашган.
Йигирмадан ортиқ сиёсатчи билан фаолнинг қўлга олинишини бир қатор депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса ҳукуматни қўлга олинганларнинг барини озод қилишга чақирган.
Президент Садир Жапаров эса кимнидир озод қилинглар деб буйруқ бера олмаслигини билдирган. Президент бу иш бўйича судьяларнинг ишига ҳеч ким аралашмаслигини айтиб ишонтирмоқда. У Кампиробод иши бўйича айбланаётганлар «тўнтариш қилишни режалаштиргани учун тўғри бориб қамоққа тушишган» деб айтган. Унинг айтишича, айбланганлар тўнтариш қилиш режалари, қанча одам тўплаш кераклиги муҳокама қилинган йиғилишга боришган.