Мадумаров: Бизнеси бор депутатлар парламент мажлисларида гапириб, овоз беришдан қўрқади

236

Бизнеси бор депутатлар парламент мажлисларида гапириб, овоз беришдан қўрқишади. Бу ҳақда «Бутун Қирғизистон» фракциясининг лидери Адахан Мадумаров Жогорку Кенешнинг 21-декабрдаги йиғинида билдирди.

Мадумаров «Тадбиркорлик субъектларига текширув олиб боришнинг тартиби ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўйича фикрини билдириб, тадбиркорларни асоссиз текширувдан ҳимоя қилувчи қандай кафолатлар борлигига қизиқди.

«Ҳозир бир тадбиркор ёқмай қолса, бу қонун четда қолиб текширув юборилади. Эртадан бошлаб текширамиз дейди. [...] Бизнеси бор депутатлар ёки уларнинг яқинлари нимага чўчиб ўтиради, биласизларми? Текширувдан [қўрқишади]. Уларга қандай кафолат бор? Текширувга буйруқни ким беради? Тушга қадар гапирса, тушдан кейин, кечаси бориб текширув босмоқда. Ё ёлғонми?» — деб Мадумаров иқтисод вазирининг ўринбосари Айнура Усонбековага савол берди.

Усонбекова текширув ўтказишнинг тартиби қонунда кўрсатилганини айтиб, унинг амалга оширилишини Бош прокуратура назорат қилишини таъкидлади.

Мадумаров эса «нотўғри гапириб қўйган депутатларга текширув Бош прокуратура жўнатаётганини» айтди.

«Нотўғри овоз берди, текширади. Қўрқитиб, безиллатиб, тиз чўктиряпсизларми. Қирғизистонда яхши қонунлар бор, халқаро стандартга тўғри келади. Ўша қонунларнинг амалга оширилиши ҳақида гап бўлмоқда», — деди у.

Депутат тадбиркорларни текшириш ҳақидаги қонун бузилган ҳолатда кўрилувчи чораларни қараб чиқиш зарур деб ҳисоблайди.

Аввалроқ парламентнинг 24-ноябрдаги йиғинида депутат депутат Элвира Сурабалдиева Кампиробод бўйича келишувга қарши овоз беган депутатларга нисбатан таҳдидлар бошланганини айтган.

«Мана икки ой ҳам ўтгани йўқ, энди МХДҚнинг ходимлари менинг қариндошларимнинг бизнесларига келишиб, қўрқитишмоқда экан. “У қизни бир сомсиз қолдираман”, “кўчада қоласан” деб. [...] Барингизлар тавоқдош бўлиб ўтириб олиб, бизни бир-бирдан отиб қўя қолмайсизларми?», — деган у.

МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев эса Сурабалдиеванинг яқинларига тегишли Бишкекдаги Кудайберген бозори давлатга йирик миқдордаги солиқни тўламаганини айтган.

Сурабалдиева ўзига қарши туҳмат айтилганини таъкидлаб, вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаровни Сурабалдиевлар ҳамда Ташиевлар оиласининг даромадларига икки томонлама текширув уюштиришга чақирган.