Рита Карасартованинг қизи номаълум шахслар уйини кузатаётгани ҳақида хабар қилди

196

Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартованинг қизи Қасиет Мамирбай ўзини нотаниш одамлар кузатаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Клооп»га фаол хабар қилди.

Мамирбайнинг айтишича, эрталаб унинг таниши уйи ёнида «қора кийимдаги икки киши ўтирган шубҳали машинани» кўриб қолган.

«Соат 14:00 да машина ҳали ҳам ўша ерда эди. У менинг уйим томон бурилган эди. Мен акамга бориб кўришни илтимос қилдим. Унинг сўзларига кўра, машинада бир киши ўтирган, иккинчиси эса ҳамма нарсани кўздан кечириб юрибди. Мен ташқарига чиқиб, уларни суратга олишга қарор қилдим, чунки агар улар юзларини яширишса, бу кузатув. Мен ўзлари томон кетаётганимни кўришлари биланоқ, тезда жўнаб кетишди», — деди Мамирбай.

Фаолнинг уйи ёнида турган машина. Сурат: Касиет Мамирбай

Фаол шунингдек, бунгача унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари бир неча бор бузиб кирилгани ва унга Ички ишлар вазирлигининг терроризм ва экстремизмга қарши курашувчи 10-бўлим хизматидан қўнғироқлар бўлганини ҳам айтиб ўтди.

20 декабрь куни Мамирбай Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинганларнинг бошқа қариндошлари билан бирга Бишкекдаги Панфилов боғига йиғилиб, сиёсий маҳбусларни озод этиш ва президент Садир Жапаров билан учрашишни талаб қилган. Уларнинг барчаси ҳибсга олинганларни тергов изоляторидан уй қамоғига ўтказишни сўраган.

Бир неча қариндошлари ўз талабларини билдириш учун президент маъмурияти биносига киришган. Бироқ давлат раҳбари Қирғизистонга кечки пайт қайтгани учун Жапаров билан учрашув бўлиб ўтмаган.

Ҳозир Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинган айбланувчиларнинг аксарияти тергов изоляторида очлик эълон қилишмоқда – уларнинг баъзиларининг аҳволи оғир, бироқ уларни касалхонага ётқизиш рад этилган. Уларнинг барчаси тергов изоляторидан озод этилишини, оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш бўйича ишни тугатишни талаб қилмоқда. Айбланувчилар ишни уйдирма ва сохта деб аташади.