Болалари билан ҳарбий қисмда кун кечираётган марҳум чегарачининг хотини ҳукуматга мурожаат қилди

312

Баткенда 14-17-сентябрдаги қуролли жанжалда ҳалок бўлган чегарачи Мирлан Ниязовнинг турмуш ўртоғи Сатина Лайлиева мурожаат йўллади. Видеони 19-декабрда «Турмуш» нашри эълон қилди. Унда аёл ҳозирда Баткендаги ҳарбий қисмда болалари билан кун кечираётганини айтиб, давлат тарафидан берилган хонадон масаласини ҳал қилиб беришни илтимос қилди.

Лайлиеванинг икки фарзанди бор, ҳозирда 5 ойлик ҳомила. Аёлнинг айтишича, чегарачиларга давлат томонидан берилган уй унинг қайнонасининг номига қайд этилган. Шу сабаб у болалари билан марҳум эри хизмат ўтаган Баткендаги №2022 ҳарбий қисмда яшашга мажбур бўлмоқда.

Аёл болаларига ҳам, ўзига ҳам ҳарбий қисмда кун кечириш руҳий томондан қийин бўлаётганини айтиб, президент Садир Жапаровдан ва МХДҚ бошчиси Қамчибек Ташиевлан хонадон масаласини ҳал қилиб беришни илтимос қилди.

«Бошқа борадиган ерим йўқ. У ерда форма кийганларни кўриб, руҳан қийналмоқдаман. Бир мен эмас, болаларим ҳам форма кийганлардан  “отам қаерда?” деб ҳар кун сўрайди. Болам соғиниб, кундан-кунга ҳаста бўлмоқда», — деди у.

Лайлиева эри вафот этгандан кейин давлат томонидан 100 минг сомдан бошқа ёрдам олмаганини таъкидлади. У Ниязов билан никоҳ гувоҳномаси бўлганини, болаларининг ҳам ҳужжатлари бор эканини таъкидлаб, хонадон нима учун қайнонасига берилганини тушунмаётганини айтади.

«Қонунни ҳам кўрсатиб айтишган, биринчи оиласига, фарзандларига  [мерос қолади] деб айтилган эди. Бизнинг никоҳ гувоҳномамиз бор. Болаларимнинг ҳам гувоҳномаси бор. Қора қоғоз менда бўлгандан кейин хонадонни ҳеч қандай текширувсиз қайнонамнинг қўлига беришганини мен тушунмай қолдим», — деди аёл.

Томонлар нима дейди?

Мирлан Ниязовнинг онаси «Турмуш»га воқеа бўйича изоҳ берди. Унда у «ўғли Сатина Лайлиева билан иккинчи никоҳда яшаганини» айтиб, хонадоннинг унга берилишини «қонуний» деб ҳисоблашини билдирди.

Шунингдек у «Ниязовни бир ўзи катта қилганини, бундан ташқари набираларининг бири ҳозирда у билан яшаётганини» айтди. Аёл уйни «келажакда ўша набирасига ўтказиб беришини» таъкидлади.

МХДҚнинг Чегара хизматидан «Клооп»га Ниязовнинг оиласига Ўш шаҳридан хонадон берилганини тасдиқлашди. Аммо «Чегара хизмати уларнинг оилавий масаласига аралаша олмайди» деб билдиришди.

Қуролли можаро

Қирғиз-тожик чегарасидаги отишма 14-сентябрда бошланган. 16-сентябрда эса вазият кескинлашиб кетган. Қирғиз ҳукумати тожик тарафни «агрессияга ва ҳарбий ҳужумда» айблаган. Тожикистон томон эса «эскалацияга» Қирғизистонни айблаган.

Жанжалда Қирғизистоннинг 63 фуқароси ҳалок бўлди — унинг 48 нафари ҳарбий, 15 нафари маҳаллий аҳоли. 206 нафар киши эса турли жароҳатларни олди — уларнинг 145 нафари аскарлар, 60 нафари тинч аҳоли.

Қуролли жанжалда 140 минг нафарга яқин киши уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Жанжал оқибатида жами 661 уй зарар кўрган.

Қирғизистонга етказилган моддий зарарнинг миқдори 3 млрд 130 миллион сом деб баҳоланган.

Президент Баткендаги уйларни совуқ тушгунга қадар битириб бериш топшириғини берган. Ҳозирда турғундарнинг айримлари уйларига қайтгани йўқ, қолгани чодирларда ва контейерларда кун кечирмоқда.

Шунингдек Садир Жапаров Баткендаги чегара жанжалида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг яқинларига 1,2 миллион сом товон ва хонадон берилишини айтган.