Нарматова тиббий кўрикка олиб келинди, аммо юраги УЗИ қилингач ТИЗОга қайтарилади

266

Тергов изоляторида очлик эълон қилган собиқ депутат Орозайим Нарматова кўрикдан ўтказиш учун хусусий тиббиёт марказига олиб келинди. Бу ҳақда «Клооп»га унинг адвокати Гуляна Убалиева маълум қилди.

«Бугун эрталаб у ҳушидан кетди, ўтган шанба куни эса кардиограммада тахикардия аниқланган. Шунинг учун биз уни тиббий кўрикдан ўтказишга қарор қилдик, аммо бугун у тергов изоляторига қайтарилади», — деди адвокат.

Унинг айтишича, тиббиёт марказида Нарматованинг юраги сканердан ўтказилади.

Мустақил шифокор Бермет Бариктабасованинг ёзишича, Нарматованинг аҳволи қониқарли эмас. Унга кўра, собиқ депутат ич кетиши, нафас қисилиши, юрак ва кўкрак қафасидаги сиқилиш, сув ичганда қусиш, ошқозон ҳамда бош оғриғидан шикоят қилмоқда.

«Овози қирилиб, секиб чиқиб қолибди. Зўрға, ўнтаб, “қариган” кишидек юряпти. Қон босими барқарор эмас, баъзан 80/60га тушиб, баъзида 140/80 чиқмоқда  (тез ёрдам келган). Ҳолати яхши эмас», — деб билдирди шифокор.

Бариктабасава очликнинг беш кунида Нарматова 5 килограммга ориқлаб кетганини ҳам ёзди.

«Қиз гормонал ва аёлларнинг репродуктив тизимига, жами организмга салбий таъсир қилишини тушунади. Очлик орқали қамоққа олинганига, қўйилган айбларга умуман қарши эканини билдирмоқда. Очликни давом эттиришни кўзлайди», — деб ёзди эксперт.

Очлик эълон қилган ҳибсга олинганлар ичида собиқ депутат Нарматова ва фаол Перизат Суранова ўзларини энг ёмон ҳис қилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари бир неча бор расмийлардан аёлларни касалхонага ётқизишни илтимос қилиб, тиббий ёрдам беришдан бош тортишни қийноқларга тенглаштирган.

Жазоларни ижро этиш хизмати Кампиробод иши бўйича ҳибсга олинганларнинг аҳволи ҳақида изоҳ беришдан бош тортиб, «катта иш ҳажми»га ишора қилган.

Сиёсий очлик

Клара Сооронқулова, Перизат Суранова ва Рита Карасартова суднинг уларни 20 февралгача тергов ҳибсхонасида сақлаш қарорига норозилик сифатида 14-декабрда сиёсий очлик эълон қилишди. Кейинроқ Кампиробод иши бўйича 10 дан ортиқ айбланувчи очлик эълон қилган.

Уларнинг барчаси ТИЗОдан озод этишни ва уларга нисбатан оммавий тартибсизликлар уюштириш бўйича жиноят ишини тўхтатишни талаб қилмоқда. Барча айбланувчилар бу ишни уйдирма ва сохталаштирилган деб аташмоқда.

Шунингдек, норозилар очлик эълон қилиш оқибатларида президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни шахсан айблашган.

Октябрь охирида Кампиробод сув омборининг кўчирилишини танқид қилган фаоллар, сиёсатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳибсга олинган эди. Барча ҳибсга олинганлар ўз айбларини тан олмайдилар ва босимлар, шунингдек, жиноий таъқиб уларнинг Кампирободдаги позицияси туфайли бошлангани ҳақида айтишади.

Фаоллар ва сиёсатчиларнинг оммавий ҳибсга олиниши бир қатор депутатлар томонидан қораланиб, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch эса Қирғизистон ҳукуматини барча ҳибсга олинганларни озод қилишга чақирган.

Президент Садир Жапаров эса ҳеч кимга кимнидир озод қилишни буюра олмаслигини айтган. Президент мазкур иш бўйича судьяларнинг фаолиятига ҳеч ким аралаша олмаслилигини таъкидламоқда. Унинг фикрича, Кампиробод иши бўйича айбланувчилар «тўнтариш режалари учун» «ўз вақтида» ҳибсга олинган. Унинг сўзларига кўра, айбланувчилар гўёки йиғилишларга бориб, уларда давлат тўнтариши режалари ва бўлажак митингларда одамлар сонини муҳокама қилишган.