Парламентнинг 15-декабрдаги йиғинида табиий ресурслари, экология ҳамда техник назорат вазири Динара Кутмановага мамлакатда расмий тил мақомига эга рус тилида гапиришга рухсат берилгани йўқ.
Нутқини бошлашдан олдин Кутманова йиғиннинг иштирокчиларидан расмий тилда гапиришни илтимос қилиб мурожаат қилди: «Ҳурматли депутатлар, коллегалар, яхшимисизлар. Рус тилида гапирсам бўладими? Бу ерда нималар амалга оширилгани ҳақида қисқагина презентация».
Аммо вазир гап бошлаганда спикер Нурланбек Шакиев дарҳол вазирнинг сўзини бўлиб, амалдордан расмий тилда гапириш учун рухсат олганми деб сўради.
«Депутатлардан рухсат сўраганман», — деб жавоб берди табиий ресурслар вазири.
Шунга қарамай Шакиев айнан кимдан сўраганини, унга ким рухсат берганини яна сўради.
Кутманова спикердан сўраганини айтди.
Бироқ спикер унга расмий тилда гапиришга рухсат бермаганини билдирди.
«Бизда тартиб шундай: [баёнотингларни] давлат тилида қилишинглар керак. Рухсат сўрамай ўқиб кетаверасизларми? Ким рухсат берди? [баёнотингизни] қирғизча қилинг», — деб билдирди Шакиев.
Кутманова давлат тили, қирғиз тилида гапиришга рози бўлди.
Амалдор баёнотини қилиб бўлгандан кейин депутат Эрулан Кўкулов сўзга чиқиб, парламент спикерига бир ўзи қарор чиқаргани учун огоҳлантириш берди.
«Бизда Конституцияда расмий тил қатори рус тили ёзилган. Агар фақат қирғиз тилида ҳисобот эшитишни истасанглар, у ҳолда Конституцияни ўзгартиринглар. Ҳозир [Кутманованинг баёнотидан] нимани тушундик? Мен ҳам қарши эмасман. Мен ҳам келганда [докладни] қирғизча берса деб ўйланаман. Аммо ҳозир нимани тушундик? Ҳозир эшитдингларми депутат аёлнинг доклад бераётганини? 30%ини қирғизча, 70%ини русча гапирди. Шу сабабдан, ҳурматли спикер, бир ўзингиз қарор чиқармай, бундан кейин шундай ҳолатларда овозга қўйинг. Шу билан бирга нима ҳақида гапираётганини тушунишни истайман», — деб мурожаат қилди депутат.