Таълим вазирлиги: Эпидемиологик вазият туфайли 509 мактаб карантинга ёпилди

235

Қирғизистонда эпидемиологик вазият сабабли 509 мактаб карантинга ёпилди. Бу ҳақда таълим вазирининг ўринбосари Токтобубу Ашимбаева 15-декабрда парламентнинг йиғилишида билдирди.

Унинг айтишича, бу республикадаги мактабларнинг бешдан бир қисми  — жами бўлиб Қирғизистонда 2357 мактаб бор. Карантин эълон қилинган мактабларнинг ўқувчилари онлайн ўқишади.

Ашимбаева мамлакатнинг 1710 бола боқчасининг ичидан 168и ҳам карантинга ёпилганини қўшимча қилди.

ЎРВИ билан касалланиш ва касалхоналарда навбатларнинг кўпайиши

Департамент грипп ва ЎРВИ (Ўткир респиратор вирусли инфекция) билан касалланишнинг кучайиши фонида мактабларни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Охирги кунларда Бишкек шифохоналарида катта навбатлар кузатилмоқда.

Республика клиник юқумли касалликлар шифохонаси раҳбари Гулжигит Алиев «Азаттык»қа  берган интервьюсида ҳар йили бу вақтда грипп билан боғлиқ вазият ёмонлашаётганини айтган. Аммо бу сафар болалар бутунлай бошқача тарзда касалланмоқда.

Шифокорнинг айтишича, 11-декабрда ушбу шифохонага 300 киши мурожаат қилган, шундан 129 нафари касалхонага ётқизилиб, яна 8 нафар бемор реанимацияга тушган.

«Бизга келаётганларнинг аксарияти кичик болалар. Улар нафас олиш тизимининг ўткир респиратор вирусли касалликлари шикояти билан мурожаат қилишди. Вазият ўтган йилга қараганда ёмонроқ. Баъзиларида нафас олиш қийинлашиб, тана ҳарорати 39-40 даражага кўтарилмоқда. Шу билан бирга, конвульсиялар кузатилмоқда. Биз уларга [касалхонада] жой йўқлигини айта олмаймиз. Шунинг учун, ҳатто коридорларда ҳам қабул қилиш ва жойлаштириш керак. Асосийси, уларни даволашимиз керак», - дейди у.

Умуман олганда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумоти бўйича, 5-декабрдан 11-декабрга қадар мамлакатда ўткир респиратор вирусли инфекция ҳамда гриппнинг 14078 ҳолати қайд этилган. Ўтган ҳафта нисбатан беморларнинг сони 1,5 баробарга кўпайган.

Беморларнинг ичидан деярлик 70%и — 14 ёшга қадар болалар.

«Ўткир респиратор вирусли инфекция ҳолатларига беқарор об-ҳаво (совуқ ҳаво) сабаб бўлиши мумкин, бу эса организмнинг ҳимоя кучларининг пасайишига олиб келиб, касалликнинг ривожланишига ёрдам беради. «Шу билан бирга, ўткир респиратор вирусли инфекцияга чалинган катталар вақтини юриш билан ўтказади, санитария-гигиена чораларига риоя этилмаса, уларнинг фарзандлари ва оила аъзоларига касаллик юқиши эҳтимоли юқори», — дейилади вазирлик хабарида.