Раззаков: Шаҳардаги кўчага чегара жанжалида қурбон бўлган чегарачининг исми қўйилди

297
Сурат: Serep Media

9-декабрда Баткен вилоятининг Раззаков шаҳридаги кўчаларининг бирига қирғиз-тожик чегарасидаги жанжалда вафот этган Равшан Муминовнинг исми қўйилди.

Маълумотга кўра, тадбирга Чегара хизматининг Баткен вилояти бўйича ҳарбий қисмларининг командирлари, шахсий таркиби, маҳаллий ҳукумат вакиллари ҳамда чегарачининг яқинлари иштирок этган.

Тадбирда марҳумнинг таржимаи ҳоли, мардлиги айтилиб, болаларининг соғинчли шеърлари ўқилди.

Cурат: Жениш Айдаров/Azattyk

Равшан Муминов 2019-йилнинг 16-сентябрида чиққан қуролли жанжалда 41 ёшида вафот этган. Бундан ташқари жанжалда Қирғизистоннинг 13 фуқароси жароҳатланган.

Чегарачининг ортида турмуш ўртоғи, уч боласи ва онаси қолди. Муминов ҳалок бўлгандан кейин «Эрдик» медали билан мукофотланган.

Муаллиф: Рустам Турсунбеков